Ўзбекистон Республикасида коронавирусга қарши вакцинани жорий этиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши комплекс профилактик ва эпидемияга қарши тадбирларнинг ўз вақтида мақсадли амалга оширилиши натижасида касалликка чалинганлар сони нисбатан камайиши кузатилмоқда. Жумладан, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони жорий йилнинг 27 январь ҳолатига кўра, 78 минг 510 нафарни ташкил этиб, улардан 98 фоизи (76 997 нафар) тузалиб, оиласи даврасига қайтган. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 892 бемордан 158 нафари оғир, 32 нафари эса ўта оғир ва 702 нафари енгил шаклда даволанмоқда.
Барчамизга маълумки, юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш бўйича энг самарали йўл бу иммунизация тадбирлари, яъни соғлом инсонларни ушбу касалликка қарши эмлашдир.
COVID-19 инфекцияси бўйича жаҳон тиббиётидаги изланишлар, касаллик профилактикаси, мулоқотда бўлган шахсларни кузатиш, касалликнинг лаборатор ташхисоти ва сифат назоратини ўрганиб бориб, Ўзбекистонда ҳам СOVID-19 инфекцияси бўйича Хитой Халқ Республикаси ва Россия Федерацияси билан ҳамкорликда тегишли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Коронавирус касаллигига қарши эмлаш жараёнини пухта режалаштириш ва тиббиёт ходимларини махсус “Хавфсиз иммунизация” шартлари бўйича тайёргарликдан ўтказиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди ва вакцинаторлар рўйхати шакллантирилди. 2021 йилнинг 1 февралидан тиббиёт ходимларини оммавий эмлаш жараёнларига тайёрлаш бўйича билим савияларини оширишга қаратилган тренинг ва семинар машғулотлари ўтказилиши режалаштирилди.
Хитойнинг “Ayhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical” компанияси томонидан ишлаб чиқилган янги коронавирус рекомбинант вакцинаси хавфсизлиги ва COVID-19 инфекциясининг олдини олишдаги самарадорлигини аниқлаш мақсадида III фаза клиник тадқиқотлари ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, 5000 нафар кўнгилли орасида иммунизация тадбирлари ўтказилиши учун вакцина олиб келинган. Республикага 8 нафар хитойлик мутахассис ташриф буюрган, бугунги кунда Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда 3-фаза клиник босқичи ўтказилмоқда.
Кўнгиллиларни тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари 2020 йилнинг 12 декабридан бошланган бўлиб, 2021 йил 27 январга қадар 9 минг 583 нафар кўнгилли тиббий кўрик ва суҳбатдан ўтказилди.
4 минг 617 нафар кўнгиллида вакцинациянинг 3-клиник синов босқичлари амалга оширилди.
Коронавирус инфекциясига қарши курашиш, аҳоли саломатлигини сақлаш, барқарор санитария-эпидемиологик ҳолатни таъминлаш ва халқаро тажриба алмашиш мақсадида 2020 йилнинг 17-18 декабрь кунлари “COVID-19, жорий йилнинг 21 январь куни “Нималарни биламиз ва қандай ҳаракат қилиш керак? Ўзбекистон ва халқаро тажриба ва коронавирусга қарши ишлатилаётган вакциналар” мавзусида халқаро онлайн илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Тадбир Соғлиқни сақлаш, Инновацион ривожланиш вазирликлари, Вирусология илмий текшириш институти, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти томонидан ташкил этилди. Халқаро онлайн илмий-амалий анжуманда Жанубий Корея, Италия, АҚШ ва Россия ҳамда мамлакатимиз етакчи олимлари, шифокорлар қатнашди.
Хорижий давлатлар билан турли ўзаро қатновлар назоратини кучайтириш ва коронавирус инфекцияси тарқалиши жадаллашаётган давлатлардан келаётган фуқароларни коронавирус инфекциясига текшириш, манфий натижа берган ҳолда ҳам 14 кунлик карантин кузатувига олиниши каби профилактик тадбирлар давом эттирилмоқда.
Санитария-эпидемиологик осойишталик
ва жамоат саломатлиги хизмати