Нукус шаҳридаги «Ёшлар маркази»да Қорақалпоғистон Республикасида ўз тадбиркорлигини бошлаш истагида бўлган ёшлар учун «Тадбиркорлик асослари» мавзусида семинар-тренинг бошланди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқарма бошлиғи, сенатор Абатбай Данияров, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Ф.Алламбергенов сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш ҳамда бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида жорий йилга «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб ном берилиши ҳар биримизга катта масъулият юклайди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари иштирокида 2020 йил 25 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон ёшлари форумидаги ёшларнинг бизнес ташаббусларини, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш вазифалари белгилаб берилди. Форумда Савдо-саноат палатаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда “Ёшлар: 1+1” дастури доирасида палатанинг ҳудудий ўқув марказларида уюшмаган ва ишсиз ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитишни ташкил этиш, “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида 1 нафар тадбиркорга 1 нафардан ишсиз ёшларни бириктириш юзасидан хайрли ташаббус илгари сурилди.
Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирнинг асосий мақсади ҳар бир шаҳар ва тумандан беш нафардан банд бўлмаган ёшни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва бизнес юритиш кўникмаларига ўқитиш, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш, ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишига яқиндан кўмак беришдан иборат.
Шу куннинг ўзида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Марказий банк Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳудудий бошқармаси, Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси мутахассислари томонидан «Тадбиркорликка илк қадам», «Бизнес ғоя нима?», «Кредит нима?», тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишда бўш бино ва ер ажратишнинг қонуний асослари каби мавзулар асосида тренинглар ташкил этилди. Шунингдек, «Тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш тартиби», «Солиқ ва солиққа тортиш тушунчалари”, “Тадбиркорлик психологияси” бўйича семинарлар ўтказилиб, муваффақиятга эришган тадбиркорлар томонидан маҳорат дарслари ўтказилади.
Тадбир якунида ҳар бир иштирокчи ўз бизнес режасини тақдимот қилади ва уларга ташкилотчилар томонидан сетификатлар топширилади.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурати), ЎзА