Энергетика вазирлиги тизимидаги “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти қазиб чиқарилган табиий газни «Ҳудудгазтаъминот» АЖ, ИЭСлар, «Ўзкимёсаноат» АЖ каби истеъмолчиларга етказиб беради.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 9 июлдаги “Аҳоли ва иктисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан “Ўзтрансгаз” АЖнинг қайта ташкил этилиши ва фаолиятининг асосий йўналишлари белгилаб берилгани тизимни янада такомиллаштиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

ЎзА мухбирининг  “Ўзтрансгаз” АЖ Матбуот хизмати раҳбари Шаҳноза Равшанова билан суҳбати мазкур  қарор ижросини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар, жамиятнинг ўтган 2020 йилдаги фаолияти ва келгуси режалар хусусида бўлди.

– Ушбу қарор ижроси  “Ўзтрансгаз” АЖ қайта ташкил этилишида муҳим рол ўйнаган бўлса, Президентимизнинг 2020 йил 18 июндаги Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ташкилотимиз фаолияти учун янги саҳифаларни очди, – деди Ш.Равшанова. – Масалан, энди “Ўзтрансгаз” АЖ табиий газни етказиб бериш, жумладан, экспорт ва импорт қилиш учун газ қазиб олувчи ташкилотлардан олиб, магистрал газ қувурига тўғридан-тўғри уланган  истеъмолчиларга етказиб берувчи ягона оператор ҳисобланади.

– Президент қарори билан қайта ташкил этилган “Ўзтрансгаз” АЖ  ва унинг тизимидаги ташкилотлар қандай  тартибда фаолият кўрсатмоқда?

– Аввало, Энергетика вазирлиги тизимидаги ташкилотлар ҳақида  тўхталсак.  “Ўзбекнефтгаз” АЖ қазиб  ва қайта ишлаган табиий газ “Ўзтрансгаз” АЖ  томонидан “Ҳудудгазтаъминот” АЖга етказиб берилади. Бу жараёнда  фақат “Ҳудудгазтаъминот” АЖ бевосита аҳоли ва истемолчилар билан  ишлайди.

Жамият тизими ҳақида гапирилганда, унга қарашли битта унитар корхона, 6 та Магистрал газ қувурлари бошқармаси, 2 та газни ер остида сақлаш иншооти, қурилиш бўйича битта МЧЖ ва битта дирекция фаолият кўрсатади.  Бугунги кунда “Ўзтрансгаз” АЖ тизимида 14 та ҳудудий ва тизим ташкилотлари бўлиб, уларда 8 мингдан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилмоқда.

–  “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти 2020 йилни қандай ўзгариш ва ютуқлар билан якунлади?

– Ўтган 2020 йилда республика истеъмолчиларига қарийб 40 миллиард куб метр табиий газ етказиб берилди. Куз-қиш мавсумининг ўтган йиллар билан солиштирганда совуқ келиши натижасида ҳукумат топшириғи билан экспорт ҳажми камайтирилиб, ички истеъмолга йўналтирилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Жамият томонидан 2020 йилда 194 километрдан ортиқ узунликдаги магистрал қувурларида қурилиш, капитал таъмирлаш ва реконструкция ишлари олиб борилди. Жумладан, “Ўртасарой”, “Учтом”, “Янги ҳаёт” газ тақсимлаш станциялари бунёд этилган бўлса, яна бир қатор ГТСлар замонавий талаблар асосида реконструкция қилишга эришилди.  Компрессор станцияларидаги газ ҳайдаш агрегатларини таъмирлаш ишлари ҳам тасдиқланган режа-график асосида амалга оширилди.

Аҳамиятли жиҳати, 2020 йилда республика ҳудудида жойлашган газ тақсимлаш иншоотлари миллий геоахборот тизимига тўлиқ киритилди. Яна муҳим тадбирлардан бири – магистрал газ қувурларида газ ҳисоби ва назоратининг автоматлаштирилган онлайн тизими (АСКУГ)нинг жорий этилганидир. Бунинг натижасида газ қазиб олувчи ташкилотдан олинаётган ҳамда истеъмолчиларга тўғридан-тўғри етказилаётган газнинг ҳисобини онлайн юритиш имконини берди.

Осиё тараққиёт банкининг тавсиялари асосида жамиятда харидларнинг шаффоф, марказлаштирилган тизими йўлга қўйилди. Айни кунда “Ўзтрансгаз” АЖда комплаенс-назорат тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда. Бунинг коррупцияга қарши курашда самарали восита экани халқаро тажрибадан маълум.

Корхонада маҳаллийлашириш даражасини ошириш, саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш ва импорт ҳажмини камайтириш ҳам доимий эътиборда. Хусусан, 2020 йил давомида 23 миллион АҚШ доллари миқдоридаги валюта тежалишига, шунингдек, амалга оширилган импорт таркиби таҳлил қилиниб,маҳаллийлаштириш  дастури доирасида 20 дан ортиқ маҳсулот ва хизматлар рўйхати шакллантирилишига эришилди.

– Бугунги кунда республика истеъмолчиларини табиий газ билан узлуксиз таъминлашда муаммолар мавжуд. Акциядорлик жамияти бу борада қандай ечимларни изламоқда?

–Бу бир неча омиллар, хусусан, мавжуд магистрал газ қувурларидан белгиланган муддатдан ортиқ вақт мобайнида фойдаланилаётгани аҳоли сони, кўп қаватли уйлар ва ижтимоий объектлар қурилиши, саноат тармоғининг кенгайиши кабиларга боғлиқ. Бу эса табиий газ тизимидаги ислоҳотларни тезкорлик билан янги босқичга олиб чиқишни тақозо этади. Давлатимиз раҳбарининг Парламентга йўллаган мурожаатида табиий газ таъминотидаги монополия бекор қилиниб, бозор механизмлари босқичма-босқич жорий этилиши таъкидланди. Бунда ишлаб чиқарувчи ва импортёрлар биржа орқали табиий газни сотиш, улгуржи истеъмолчилар эса газни сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади.

“Ўзтрансгаз” АЖ эса фақат газни транспортировка қилади. Ҳозирда айни жараённинг норматив-ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилмоқда. Жорий йил сўнгига қадар улгуржи истеъмолчиларнинг маълум бир қисми табиий газни биржалар орқали сотиб олишни бошлайди ва бу жараён босқичма-босқич давом эттирилади. Ортиб бораётган ички истеъмол талабини қондириш мақсадида табиий газ импорти йўлга қўйилади.

Бу эса газтранспорт тизимини модернизация қилишни тақозо қилади. Шу мақсадда “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан лойиҳа ишлаб чиқилди. Унинг дастлабки босқичида 400 км дан ортиқ узунликдаги магистрал газ қувурининг қурилиши, таъмирланиши, реконструкция қилиниши кўзда тутилган. Айни кунларда газ қувурлари қурилишига алоқадор 10 та ташкилотнинг 400 нафарга яқин пайвандчилари аттестациядан ўтказилмоқда. Аттестация жараёнига тажрибали хорижий мутахассисларни жалб этиш ҳам кўзда тутилган. Синовда муваффақиятли натижа кўрсатган мутахассислар жорий йилги қурилишларда иштирок этади.

–   Шу кунларда “Ўзтрансгаз” АЖнинг мурожаатлар каналига келиб тушаётган ҳамда кўпчиликни қизиқтираётган веб-портал билан боғлиқ масалага ойдинлик киритсангиз. Айрим фуқаролар шахсий кабинетига кира олмаётгани, UZTG.UZ веб-портали ишламаётгани юзасидан мурожаат йўлламоқда.  Нима учун бундай ҳолат юзага келмоқда?

–Бу масала юзасидан шуни маълум қиламизки, юқорида таъкидлаганимиз каби Президентимизнинг 2020 йил 18 июндаги фармонига асосан 2020 йилнинг 1 июлидан “Ўзтрансгаз” АЖ  тўғридан-тўғри магистрал газ узатиш тизимига уланган, стратегик аҳамиятга эга бўлган “Иссиқлик электр тармоқлари”, “Ўзкимёсаноат” АЖ каби истеъмолчиларга табиий газ етказиб беради.

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ эса тақсимлаш газ қувурларига уланган улгуржи истеъмолчиларга, хусусан,  АГТКШлар, иссиқхона хўжаликлари, цемент, ғишт, оҳак, гипс, чинни маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар, шунингдек, умумий овқатланиш корхоналари, нонвойхоналар ҳамда аҳоли хонадонларига табиий газ етказиб бериши белгиланди

Энди айнан “Ҳудудгазтаъминот” АЖ аҳоли ҳамда улгуржи истеъмолчилар билан бевосита ишлаётгани муносабати билан UZTG.UZ веб-портали фаолияти тўхтатилган. Ҳозирда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ айни йўналишдаги портални ишга тушириш арафасида турибди. Тез кунда веб-портал янги манзил ва кўринишда иш бошлайди.

ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА

 суҳбатлашди