Ўзбекистонда амалга оширилаётган вакцинация жараёнлари бораcидаги саволларга Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков қуйидагича жавоб қайтарди:
– Таъкидлаш жойизки, COVAX (Коронавирус инфекциясига қарши эмлаш механизми) доирасида юртимизга келтирилиши режалаштирилаётган Pfizer/BioNTech компаниялари томонидан ишлаб чиқилган Comirnaty вакцинасини дастлабки босқичда 100 минг доза олиб келиш режалаштирилмоқда. Бу эса хавф гуруҳига мансуб 50 минг нафар аҳолини икки маротаба эмлашга етади.
Айни пайтда миллий эмлаш календарига мувофиқ, юртимизда 13 турдаги юқумли касалликларга қарши эмлаш тадбирлари амалга оширилмоқда. Мамлакатимиз тиббиёт тизимининг барча бўғинларида 2-8 ℃ ҳароратга мўлжалланган совуқлик занжири инфратузилмаси тўлиқ яратилган. Ушбу тизим Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг барча талабларига жавоб беради.
Аввал ҳам айтганимиздек, ҳозир Россиядан 100 доза “Sputnik V” вакцинаси юртимизга олиб келинган ва -20 ℃ ҳароратда сақлаб турилибди. Бир вақтнинг ўзида “Sputnik V” вакцинасини тезкор сертификациялаш ва Ўзбекистонда вакцина ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича ҳам музокаралар олиб борилмоқда.
Шунингдек, юртимизга Хитойнинг «Ayhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical” компанияси томонидан ишлаб чиқилган янги коронавирус рекомбинант вакциналари келтирилган бўлиб, уларнинг синов жараёнларида 8 нафар хитойлик мутахассис ҳам иштирок этмоқда ва амалга оширилаётган барча тадбирлар санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати қошида ташкил этилган иммунизация штаби томонидан кузатиб борилмоқда.
2021 йилнинг 21 январь ҳолатида коронавирус касаллигига қарши вакцинанинг синов жараёнида иштирок этиш истагини билдириб, 8153 нафар кўнгилли мурожаат этди.
Шу ўринда коронавирус касаллигига қарши эмланишнинг нечоғлиқ аҳамиятли эканлигига яна бир бор тўхталиб ўтмоқчиман. Ҳозир биз юртимиз аҳолисининг қанча қисми ушбу касаллик билан касалланиб улгурганини аниқ билмаймиз.
Қачонки, у ёки бу давлатда аҳолининг 70 фоиздан ортиқроғида турғун иммунитет бўлмас экан (касалланиш ёки эмлашдан кейин), эпидемик жиҳатдан барқарорликни таъминлаш қийин бўлади. Вирус юқтирганлиги ёки юқтирмаганлигидан қатъий назар, коронавирусга қарши эмланиш мазкур вирус билан касалланишни сақлайдиган асосий омил бўлиб қолаверади.