Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Фарғона вилояти филиали томонидан Марғилон шаҳридаги Рақамли технологиялар марказида “Давлат хизматига коррупциясиз йўл” шиори остида ёш давлат фуқаролик хизматчилари ҳамда фаол ёшлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Бугунги кунда билимли, ташаббускор ва салоҳиятли ёш мутахассисларни тайёрлашга муҳим эътибор қаратилаётган бўлиб, улар орасида фуқаролик давлат хизматида ишлаш истагидагилар кўпчиликни ташкил қилади. Хусусан, ўзининг шахсий фикри, принциплари ва соҳага янгича ёндашуви бўлган ёш раҳбар кадрларни масъулиятли лавозимларга тайинланаётгани ҳам ёшларга бўлган ишончдан далолатдир.
Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлаганидек, коррупцияга қарши курашишнинг самарали воситаларидан бири – кадрларни танлаш ва ишга қабул қилишнинг очиқ тизимини йўлга қўйишдан иборат. Ушбу тизим асосида кадрларни танлашда эски усуллардан воз кечиб, уларнинг интеллектуал салоҳиятини, маънавий фазилатларини баҳолайдиган очиқ ва ошкора танлов тизими жорий этилади. Шунингдек, коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат хизматчиларини мунтазам ўқитиш ва билимини баҳолаб бориш тизими йўлга қўйилади.
Фарғона вилоятида ёшлар билан ташкил этилган мазкур тадбир ана шу ишларнинг амалдаги ифодасидир.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Фарғона вилояти филиали раҳбари С.Исломов, Ёшлар агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи М. Ғаниевлар 2021 йил – Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида амалга ошириладиган муҳим вазифалар хусусида сўз юритди.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг ягона очиқ портали орқали мавжуд бўш (вакант) лавозимларга очиқ, шаффоф танлов орқали ишга кириш, лавозим поғоналарида ўсиш имконияти тушунтириб берилди. Ёш кадрларни давлат фуқаролик хизматидаги билим даражаларини аниқлаш ва уларни баҳолаш бўйича тест синовлари ўтказилди. Бундай амалий жараён уларни ўз устида ишлашга ундайди, албатта.
– Вилоятдаги барча давлат органлари ва ташкилотлардаги вакант лавозимларга меритократия тамойили асосида ишга қабул қилиш йўлга қўйилмоқда, – дейди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Фарғона вилояти филиали раҳбари ўринбосари Аҳаджон Акбаров. – Бунда инсон омили камайган бўлиб, ахборот технологияларидан кенг фойдаланилмоқда. Ишга қабул қилишда таниш-билишчилик энди ўтмайди. Айни кунларда 31 ёшгача бўлган давлат фуқаролик хизматчиларини ягона миллий базасини шакллантириш, уларни доимий равишда малакасини ошириш ҳамда босқичма-босқич лавозимларини ўстириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Бундан ташқари, масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда вилоятимизда истиқболли кадрлар захираси секлекцияси яратиш бўйича Фарғона тажрибаси яратилади. “Ёш лидерлар мактаби” ни 19 та туман-шаҳарларда ҳар чоракда ёш лидерлар “ТОР-100” лик рейтинги эълон қилиб борилади.
Тадбирда ёш кадрларни танлаш, уларнинг малакасини ошириш, коррупцияга муросасизлик каби масалалар борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
М.СУЛАЙМОНОВ, М. ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА