Янги Ангрен иссиқлик электр станциясида портлаш содир бўлди, ҳозир воқеа жойида ФВВ қутқарувчилари ишламоқда.

Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар бераётир.

Бугун, 20 январь куни соат 11:42 да Янги Ангрен иссиқлик электр станциясининг профилактика чораларини кўриш учун тўхтатилган 5-энергия блокида чанг-кўмирли ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлган. Режали хизмат кўрсатиш пайтида содир бўлган ҳодиса оқибатида уч киши олинган жароҳат сабабли вафот этган, яна уч киши турли даражада куйиш тан жароҳатини олган. Вафот этган ва жароҳат олганлар 5-энергия блокида профилактика ишларини олиб бораётган хизмат кўрсатиш ходимлари бўлган.