Хабарингиз бор, айни вақтда мамлакатимизда Хитойда ишлаб чиқарилган вакцина клиник синовларининг учинчи босқичи давом этмоқда. Бугунги кунда юртдошларимизнинг 3 минг 400 нафардан ортиғи коронавирус касаллигига қарши вакцина олган.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлик хизмати бошлиғи ўринбосари Ботиржон Қурбонов “Замон” информацион кўрсатувига берган интервьюсида “Pfizer/BioNtech вакцинаси учун 100 000 дозага расман буюртма берилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, вакцинани 1-1,5 ойда келтириш кўзда тутилган. Вакциналар келиши билан фаол иш олиб борилади. Аҳолини вакцинациялаш февралнинг охири, мартнинг бошида бошланиши режалаштириляпти.
Аввалроқ Ботиржон Қурбонов вакцина самараси қандай назорат қилиниши бўйича маълумот бериб, эмланган шахслар, биринчи навбатда, қўлининг вакцина юборилган қисмини кун давомида ювмаслиги кераклигини айтганди. Шунингдек, эмланган ҳар бир фуқаро бир ҳафта мобайнида тўғри овқатланиш қоидаларига амал қилиши, хусусан, спиртли ичимлик ва бошқа зарарли маҳсулотлардан тийилиши талаб этилади. Мавсумга мос равишда кийиниб, грипп, юқори нафас йўллари вирусли касалликларидан сақланиши лозим.