Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ёш ижодкорларнинг “Биринчи китобим” лойиҳаси доирасида чоп этилган китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда ёзувчи ва шоирлар, драматург, адабиётшунос олимлар, таржимон, маънавият тарғиботчилари, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид муаллифларни илк китоблари билан муборакбод этди. Уларга ижодий парвозлар тилаб, қалам ҳақи ва китоблардан топширди.
Муаллифлар 2018 йил Зомин семинарида қатнашган, матбуот саҳифаларида асарлари доимий равишда чоп этиб келинаётган ва устоз ёзувчилар томонидан ижодий ишлари юқори баҳоланган 15 нафар ёш ижодкордир.
Жумладан, Маҳлиё Умрзоқованинг “Туйғулар алангаси”, Анвар Ботирнинг “Улғайиш”, Бобур Ҳамронинг “Широқнинг қайтиши”, Яҳё Фаёзнинг “Бахтимизнинг зар туморлари”, Юлдуз Ўрмонованинг “Уйғоқ юлдузлар”, Мирзоҳид Музаффарнинг “Фош”, Акмал Турсуновнинг “Бургутқоя”, Раҳмат Бобожоннинг “Изтироб шивири”, Анвар Аллабергановнинг “Гуллаётган чечаклар”, Бек Алининг “Мен ахир сенман”, Асрор Солижоннинг “Севгиранг нигоҳ”, Мадина Норчаеванинг “Кафтдаги йўл”, Азизбек Норовнинг “Эйнштейн жумбоғи”, Рахшона Аҳмедованинг “Орзу ва денгиз” ҳамда Абдурауф Зокировнинг “Она замин” китоблари ўқувчилар эътиборига ҳавола этилди.
Китобларни қўлга олар экансиз, улар жанр ва мавзуларнинг хилма-хиллиги билан ўқувчини ўзига тортади. Тўпламларда барча ёшдаги кишиларнинг фикр-ўйлари ғоятда ҳаётий ва ишонарли ёритилганки, асло сунъийлик, зўрма-зўракилик учрамайди. Ҳар бир ижод маҳсулида гўзалликка ошиқ кўнгил, дард билан олишган орзу-умидни кўрасиз. Унинг борлиқни бошқача кўриши, сўз ила табиатни моҳирлик билан чизишига амин бўласиз.
Ёшларнинг китобларига Зулфия Мўминова, Рустам Мусурмон, Иқбол Мирзо, Азиз Саид, Исажон Султон, Собир Ўнар, Абдуқаюм Йўлдошев, Шодмонқул Салом, Қўчқор Норқобил, Жонтемир Тоштемиров, Неъмат Арслонов, Наргиза Асадова ҳамда Маъмура Зоҳидова каби ёзувчилар, шоирлар, публицистлар муҳаррирлик қилган.
– Китобларимиз Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан “Ижод” жамоат фонди томонидан “Adabiyot” нашриётида чоп этилди, – деди Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти 3-курс талабаси Мадина Норчаева.– 10 минг нусхадан чиқарилган бу тўпламларга ҳар биримизнинг шеърият, наср, бадиий публицистика ва драматургия бўйича ижод намуналаримиз киритилган. Шулар қаторида менинг “Кафтдаги йўл” шеърий тўпламим ҳам чиқди. Бу ютуқ менга фахр, масъулият ва янада кўпроқ ижод қилиш туйғусини берди. Ўзимга бўлган ишончим янада ортди. Келажакда нафақат ўз касбимнинг устаси бўлиш, шу қаторда шъериятнинг янги қирраларини кашф қилган ҳолда ижод қилишни ният қилганман.
Муаллифлар йиғилганларга “Биринчи китобим” лойиҳасида чоп этилган китобларидан улашишди.
Гулноза Бобоева, ЎзА