Мамлакатимиз кейинги йилларда улкан қурилиш полигонига айланди. Бунёдкорлик ишлари нафақат йирик шаҳарларимиз, балки узоқ қишлоғу овулларда ҳам давом этмоқда. Қаерга қараманг, ўзгаришлар, янгиликлар кузатилмоқда. Бу эса асосий қурилиш материали ҳисобланган цементга бўлган талабнинг ортишига сабаб бўлади. Шу сабабли, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан саноат корхоналарида йил сайин ишлаб чиқариш ҳажми ошириб борилмоқда.
Хўш, уюшма тизимидаги корхоналар 2020 йилда қанча цемент ишлаб чиқарди?
Бу ҳақда ЎзАга “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси матбуот хизмати қуйидаги маълумотни тақдим қилди.
Таҳлилларга кўра, 2020 йилда корхоналар томонидан 12 миллион 537 минг тонна цемент ишлаб чиқарилган. Энг кўп цемент ишлаб чиқариш “Қизилқумцемент” АЖ ҳиссасига тўғри келган. Йил давомида корхонада 3 миллион 615 минг тонна маҳсулот мижозларга етказилган.
“Оҳангаронцемент” АЖда ҳам бу борада юқори кўрсаткичлар қайд этилган. Акциядорлик жамияти томонидан 1 миллион 612 минг тонна цемент тайёрланган. Тошкент вилоятида жойлашган яна бир йирик цемент заводи “Бекободцемент” АЖ ҳам ишлаб чиқариш ҳажми бўйича етакчи ҳисобланади.
Корхонада 2020 йилда 1 миллион 149 минг тонна цемент аҳолига етказиб берилган. «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖга қарашли Шеробод цемент ва Жиззах цемент заводлари томонидан жами 2 миллион 99 минг тонна цемент ишлаб чиқарилган. “Қувасойцемент” АЖда эса йил давомида 860 минг тонна цемент тайёрланган.
Бундан ташқари, «Қорақалпоқцемент» МЧЖ ҚК (280 минг тонна), «Сурхонцементинвест» МЧЖ (168 минг тонна), «Фарғонацемент» МЧЖ ҚК (133 минг тонна), «Турон Эко Цемент Групп» МЧЖ (126 минг тонна), «Жомбой Яшил Чироклари» МЧЖ (73 минг тонна), «Шўрсув Цемент» МЧЖ (52 минг тонна), «Мароканд Кабел Инвест» МЧЖ (31 минг тонна) томонидан сифатли цемент маҳсулотлари ишлаб чиқарилган.
ЎзА