Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев Германия Федератив Республикаси Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги вазири Юлия Клёкнернинг таклифи билан Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги бўйича XIII Глобал форумда (GFFA) иштирок этди.

Форум 2021 йил 18-22 январь кунлари озиқ-овқат, боғдорчилик, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги йирик тадбирлардан бири – Берлиндаги «Яшил ҳафта»халқаро кўргазмаси доирасида ўтказилмоқда

GFFA қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлигига оид долзарб масалалар бўйича дунёда етакчи форум сифатида тан олинган. COVID-19 пандемияси муносабати билан тадбир биринчи марта виртуал кўринишда ташкил этилди. Бунда энг катта эътибор тўртта асосий масалаларга қаратилди:

1. Қандай қилиб озиқ-овқат тизимлари COVID-19 пандемиясидан сўнг янада кучлироқ бўлиши мумкин?

2. Қандай қилиб аграр сектор келажакда пандемияларнинг олдини олишга хизмат қилиши мумкин?

3. Озиқ-овқат тизимларининг иқлим таъсирига чидамлилигини қандай ошириш мумкин?

4. Иқлимни муҳофаза қилишда озиқ-овқат тизимларининг ҳиссасини қандай ошириш мумкин?

2020 йил ноябрь ойида Европа ва Марказий Осиё бўйича ФАО Минтақавий анжумани раиси этиб сайланган Жамшид Хўжаев 2021 йил 19 январь куни ФАО томонидан ташкил этилган юқори даражадаги экспертлар йиғилиши доирасида GFFA форумида сўзга чиқди.

Бош мавзу: «Қандай қилиб инновациялар озиқ-овқат тизимлари барқарорлигини мустаҳкамлашга ва келажакда пандемияларнинг олдини олишга ёрдам беради?».

Йиғилишда ФАО бош директори Сюй Дунюй, Жанубий Африка қишлоқ хўжалиги, ер ислоҳоти ва қишлоқ жойларини ривожлантириш вазири Токо Дидиза, Швейцария Конфедерацияси қишлоқ хўжалиги федерал бошқармаси директори Кристиан Хофер, «Syngenta Group» бош ва ижрочи директори Эрик Фирвалд ва ГФР озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги бевосита вазири Юлия Клёкнер иштирок этди.

– Ўзбекистонда пандемия туфайли энг зарурий маҳсулотлар ва озиқ-овқат маҳсулотларининг етказиб берилишидаги узилишлар ўзбек фермерлари ва истеъмолчиларининг айрим қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан фойдаланишига таъсир кўрсатди, масалан, картошка ва ўсимлик мойи билан боғлиқ муаммолар юзага келди, шу сабабли келгусида импортдан мустақил бўлиш учун картошка ва мойли ўсимликларни жойлаштириш ҳажмларини қайта кўриб чиқмоқдамиз, – дея ўз чиқишида таъкидлаб ўтди Жамшид Хўжаев. – Умуман олганда, пандемия даврида аҳолининг заиф қатламларини ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш бўйича бир қатор янги ташаббуслар жорий этилди ва йўқотилган даромадларни қисман қоплаш учун мавжуд қўллаб-қувватлаш дастурлари кенгайтирилди. Ўз вақтида кўрилган чоралар истеъмол нархларини барқарорлаштиришга, биринчи навбатда миллий стратегик озиқ-овқат захираси ҳисобига, шунингдек, чегаралардаги «яшил йўлакларни» такомиллаштиришга ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдогарлари учун маъмурий процедураларни соддалаштиришга қаратилган эди. Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари импортининг баъзи тарифлари пасайтирилди ва тегишли қишлоқ хўжалиги кредитларини тўлаш учун «тўлов таътиллари» жорий этилди.

Шунингдек, вазир Ж.Хўжаев қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари тизимларини босқичма-босқич янгилашни қўллаб-қувватлаш, бу соҳада таълим ва касбий тайёргарлик салоҳиятини кенгайтириш, шунингдек, келажакда фермерлар ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига ўз бизнесини муваффақиятли ривожлантиришга имкон берадиган самарали маслаҳат тармоғини яратиш учун катта маблағлар ажратган мамлакат ҳукуматининг саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлаб ўтди.

 

ЎзА.