Президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида наинки соҳа вакиллари, балки бутун жамият олдига бугунги таҳликали даврда ёшларнинг маънавий тарбияси бўйича аниқ вазифаларни қўйди.

Бу йиғилиш қатнашчиларининг фикр-мулоҳазаларида ҳам ўз ифодасини топмоқда.

Минҳожиддин Ҳожиматов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари:

– Мамлакатимиз ҳаётида тарихий бир воқеа бўлди. Давлатимиз раҳбари бир фикрни айтилар. Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони, руҳи маънавиятдир. Чунки маънавий асосларсиз, маънавий негизларсиз, маънавий қадриятларсиз маънавий-миллий руҳсиз ҳеч бир давлат ўзининг юксак мақсадларига эриша олмайди. Агар биз боболаримиз яратган иккита Ренессанснинг асосига назар ташлайдиган бўлсак, иккаласида ҳам ўша иқтисодий ривожланиш билан руҳий ривожланиш уйғунлигини кўрамиз. Давлатимиз раҳбари бугун бизга янги тизимни кўрсатиб берди. Бу қандай бўлади, бу қандай ишлайди ва бу ишларни қандай ташкил қиламиз, унинг молиявий жиҳатлари, молиявий асослари қандай бўлади? Республика маънавият ва маърифат маркази фаолиятини тубдан танқидий, таҳлилий кўриб чиққан ҳолда уни такомиллаштириб, мамлакатимизда Республика маънавият ва маърифат кенгашининг ижро, мувофиқлаштириш, устувор йўналишларини белгилаш борасида бош муассаса сифатида белгиланиши жуда катта эътибор, катта ваколат ва шу билан бирга жуда катта масъулиятдир. Давлат раҳбарининг ташаббуси билан янги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ташкил қилинаяпти. Бу институтга энг кучли, ҳам ватанпарвар, юксак салоҳиятли, шу соҳада ижтимоий-маънавий муҳитни таҳлил қила оладиган, унга баҳо бера оладиган, прогноз қила оладиган ва устувор йўналишларни, вазифаларни белгилаш салоҳиятига эга бўлган профессор-ўқитувчилар, ёш олимларни жалб этиш ва жамиятдаги маънавий-маърифий ишларни ташкил қилишда шунчаки тадбирлар уюштириш эмас, аввало, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос жиҳатлари, ўзига хос хусусиятлари, керак бўлса, муаммолари, оғриқларидан келиб чиққан ҳолда аввало таҳлил қилиш, ташхис қўйиш ва ана шу асосда маънавий-маърифий ишларни ташкил қилишга эътибор қаратилади. Биз шу пайтгача сабаб билан эмас, оқибат билан курашиб келдик. Чунки илм бўлмаган жойда шундай ёндашув бўлади. Ана энди сабабини аниқлайдиган бўлсак, албатта, қилган ишимиз оқибатида самара бўлади, натижа бўлади.

Шуҳрат Ризаев, «Ўзбеккино» миллий агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари:

– Ҳақиқатда ҳам маънавият таъсирини кўрсатмаган соҳа борки, у ерда албатта қандайдир бир ўпирилиш, таназзул ҳолатлари кузатилади. Маънавият, руҳий ҳаёт, маданият ўша соҳаларни савияли, ўша соҳаларни ривожланишга мойил ҳолда сақлаб турадиган ўзига хос бир туртки, ўзига хос малҳам вазифасини ўтаяпти. Бугун ҳамма соҳада маънавиятнинг иштироки бўлиши керак. Чунки инсон руҳий ҳаётсиз бошқа жиҳатларни тасаввур этиб бўлмайди. Президентимиз видеоселекторда алоҳида таъкидладиларки, маънавиятнинг энг катта душмани бу лоқайдлик, бепарволикдир. Айнан ўша лоқайдлик, бепарволик бизнинг маънавий тарбиямизда жуда кўп камчиликларимизга сабаб бўлди. Хориждан кириб келаётган турли ёт ғоялар, хорижий турмуш тарзи, сўзлашиш хусусиятлари, хорижликларнинг кийиниш хусусиятлари бизга кўр-кўрона тақлиддан ўзлаша бошлади, биз бу орқали ўзимизнинг миллий қадриятларимиздан, маданий қадриятларимиздан секин-секин йироқлашиб бордик. Ваҳоланки биз айнан ўзимизнинг қадриятларимизни такомиллаштириш, кучайтириш, тўлақонли тиклаш йўлидан борибгина миллий ўзлигимизни сақлашимиз мумкин. Ана шу маънода маънавиятнинг ўрни ҳар биримизнинг, у каттадир, кичикдир, барчамизнинг ҳаётимизда ниҳоятда муҳим ўрин тутади. Президентимиз мана шу масалаларга эътибор қаратиб, унинг амалий жиҳатдан фаолият йўсинларини кўрсатиб берди. Қачонки, ватанпарварлик туйғуси билан қалбларимизни мунаввар этсаккина ўзимиз фаолият юритаётган соҳада самарага эришамиз.

Президентимиз шу маънода ватанпарварлик туйғусининг бевосита профессионал касб билан бевосита уйғун, омихта ҳодиса бўлиши кераклигини, шундагина Ўзбекистон манфаатлари ҳар қайси манфаатдан биринчи ўринга чиқиб турадиган манфаат бўлишини таъкидладилар. Ҳаммамизнинг олдимизга йиғилишда жуда жиддий вазифалар қўйилганини алоҳида таъкидламоқчиман.

Азамат Зиё, Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти директори:

– Президентимиз айтдиларки, тарихий изланишларда тарихий қонуниятлар билан боғлиқ бўлган таҳлил йўқ. Энг муҳими, тарихий фаолиятда миллий руҳ етишмайди. Бу аччиқ, лекин айни ҳақиқат. Президентимиз Ўзбекистон Республикаси тарих фанини ривожлантиришнинг 2030 йилгача бўлган концепциясини ишлаб чиқиш топшириғини бердилар. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, бу кун ўзбек замонавий тарихчилик мактаби туғилган кун бўлди. Давлатимиз раҳбари таълим муассасаларида тарих фанини ўқитишни тубдан яхшилаш масаласини қўйдилар. Бу ҳам жуда муҳим. Чунки маънавий-маърифий ишларни йўлга қўйишда тарихий мероссиз, тарихий тафаккурсиз ҳеч нарсага эриша олмаймиз. Ишончим комилки, тарихчиларимиз, олимларимиз, ўқитувчиларимиз видеоселекторда давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган вазифаларни юксак даражада таъминлаш учун қаттиқ бел боғлаймиз ва уларни амалга оширамиз.

Шуҳрат Сирожиддинов, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори:

– Йиғилиш барчамиз учун, келажагимиз учун ниҳоятда муҳим бўлган масалаларга бағишланди. Давлатимиз раҳбари олий таълимда фаолият кўрсатаётган зиёлилар, олимлар, ўқитувчиларнинг ижтимоий ҳаётдаги ўрнини юксак баҳолаган ҳолда барча маҳаллаларда, умуман, мактабгача таълим масканларида тарбиявий ишларни олиб боришда ва умуман барча тарбиявий жараёнларда олимларни кенг иштирок этишга даъват этдилар. Ва шу йиғилишда ҳар бир маҳаллага бир зиёлини бириктириш масаласи таклифини киритдилар. Бу фикр эса барча иштирокчилар томонидан қўллаб-қувватланди. Олий таълимда маънавий-маърифий ишлар бўйича махсус кенгаш тузиш таклифи киритилди.Президентимиз томонидан бу кенгашнинг вазифалари аниқ қилиб белгилаб берилди.

Олий таълим соҳасида маънавий-тарбиявий ишларни мувофиқлаштириш маънавият марказлари билан биргаликда ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзимиз ибрат, намуна бўлиб мактабларни оталиққа олишимиз, уларга нафақат ўқув ишлари, балки методик ёрдам кўрсатиш, балки маънавий-маърифий ишларни ҳам биз назоратга олиб, уларга яқиндан ёрдам бериш вазифаси юклатилди.

Шерзод Шерматов, халқ таълими вазири:

– Маънавият масаласи барчамиз учун ҳаёт-мамот масаласи эканини Президентимиз алоҳида таъкидлади. Айниқса, мактаблар учун зиёлилардан иборат қўшимча штат ажратиш масаласи қўйилдики, булар мактаб жамоасига, ўқувчиларга хам маънавий тарбия бўйича ўзининг ҳиссасини қўшади. Эндиликда мактаб шу маҳалладаги маънавият ўчоғига айланадики, маҳаллалардаги ота-оналарга ҳам бу борадаги янгиликларни етказишда ўзининг ижобий ҳиссасини қўшади. Видеоселекторда катта вазифалар қўйилди. Бунда биринчидан, наинки штатга тегишли одамларни олиш, балки ягона методика яратиш муҳим. Чунки бутун республика бўйича маънавий-маърифий ишлар қандай бўлиши, бу йўналишда нималарга эътибор бериш кераклиги айнан шу методология билан узвий боғлиқ.

Мактаб соҳасидаги ислоҳотларда муҳим вазифа турибдики, бу ўқувчиларга замонавий билим бериш масаласидир. Бунда дунёдаги энг зўр китоблар, методологияни келтириб ҳам ўргатиш мумкин. Лекин Президентимиз таъкидлаганидек, олим бўлиш мумкин, лекин ҳақиқий яхши инсон бўлишдек мураккаб масалага жавоб топиш қийин. Давлатимиз раҳбари бу масалага ҳам илмий ёндашиш муҳимлигини таъкидлади. Чунки ҳеч ким шу пайтгача бу масалага илмий ёндашмаган. Видеоселекторда маънавий-маърифий тарбияни, бу соҳага тааллуқли масалаларни аҳолига кенгроқ етказиб бериш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Бу бўйича муттасил иш олиб бориш керак бўлади.

Содиқжон Турдиев, «Нуроний» фонди бошқаруви раиси:

– Илгарилари маънавият-маърифат соҳасида давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик йўқ эди. Эндиликда Президентимиз бунга имкон яратиб бердилар. Маънавий-маърифий ишлар бўйича мутлақо янгича тизими яратилмоқда. Биз нуронийларнинг олдига ҳам ёшларни Ватанга содиқ, миллий ва умуминсоний қадриятларни эъзозлайдиган, ташаббускор, меҳнатсевар этиб тарбиялаш бўйича катта вазифалар қўйилди.

Биз – нуронийлар катта кучмиз. Мамлакатимизда уч миллион нафарга яқин нуроний бор. Вазифамиз ҳар бир маҳалладан ижтимоий фаол, маънавиятли, бугунги ислоҳотларга хайрихоҳ бўлган, ортидан одамларни эргаштира оладиган, замонавий фикрлайдиган нуронийлар рўйхатини шакллантириб, жойларда ишларни бошлаб юборишдан иборат.

Президентимиз айтганидек, жойларда ҳар бир нуронийга беш нафар ёш бириктирилади. Ёшларни билимли, маънавиятли, ўз юртига садоқатли этиб тарбиялаш бизнинг вазифамиздир.

Эшқобил Шукур, «Маънавий ҳаёт» журналининг бош муҳаррири:

– Бизнинг маънавий ҳаётимизда янги давр, янги бир босқич бошланиши керак. Ана шу янги босқич Ватанимизнинг эртанги куни, миллатимизнинг келажагини белгилаб беради. Энг муҳими, зиёлиларимиз бунда етакчи кучга айланиши керак.

Замон жуда ўзгариб кетди, унинг шитоби жуда тез. Ҳаёт катта шиддат билан давом этмоқда. Энди замоннинг талабига мос, шунга хос, шунга жавоб бера оладиган, забтига бардош бера оладиган воситаларни ишлаб чиқиш керак. «Маънавий ҳаёт», «Тафаккур», «Жаҳон адабиёти», «Шарқ юлдузи» журналларига алоҳида эътибор қаратиш, уларни мактаблар, олий ўқув юртлари, ёшларга етказишга оид фикрлар бизни жуда тўлқинлантириб юборди.Муҳими, бу эътиборга муносиб жавоб бера олиш керак.

ЎзА