Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида халқ таълими соҳасини ислоҳ қилиш, ёшларнинг пухта таълим-тарбия олиши учун барча шарт-шароитларни яратиш, умумтаълим мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилди.

Буларни амалга оширишда, аввало, мавжуд камчилик ва муаммоларни аниқлаб, ҳал қилиш лозим.

Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қ.Бурханов ҳудудларда аҳоли билан учрашиб, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганди.

Хусусан, жорий йилнинг январь ойида Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани аҳолиси билан ўтказилган учрашувларда “Ўчоқли”, “Янги турмуш” ва “Тараққиёт” маҳалла фуқаролар йиғини фуқаролари ушбу маҳаллалардаги мактаблар таъмирталаб ҳолатга келиб қолганлиги сабабли, капитал таъмирлаб, реконструкция қилишда амалий ёрдам беришни сўради.

Сенаторлар томонидан мазкур маҳаллаларда жойлашган умумтаълим мактаблари ҳолати жойига чиқиб ўрганилганда, ҳақиқатдан ҳам мактаблар бугунги кун талабларига умуман жавоб бермаслиги аниқланди. Маълум бўлишича, туманда 62 та умумтаълим мактаби мавжуд бўлиб, уларда 27 минг 672 нафар ёш таълим олмоқда.

13 та умумтаълим мактабида спорт заллари йўқлиги сабабли ўқувчилар жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланишмаяпти.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қ.Бурхонов халқ таълими вазири Ш.Шерматовга сенатор сўрови юборди.

Унда Ўрта Чирчиқ туманининг Ўчоқли маҳалласида жойлашган 38-мактабнинг эски биноси ўрнида янги, замонавий 120 ўринли мактаб биносини қуриш, Янги турмуш маҳалласидаги 50-мактабнинг бўш турган биносини ҳамда Тараққиёт маҳалласида жойлашган 20-мактабни капитал реконструкция қилиш мақсадида 2022 йилга мўлжалланган инвестиция дастурига киритиш чоралари кўрилиши сўралган.