2021 йил 19 январь куни илк бор Ўзбекистон Республикасида юридик фанларни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилиши ўтказилди.
Маълумки, Президентимиз юридик таълим ва фанни ривожлантириш юртимизда амалга оширилаётган шиддатли ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотлар самарасини таъминлаш, кейинги истиқболларини белгилашнинг ҳал қилувчи омилларидан эканлигини алоҳида таъкидлайди.
Бу борада давлатимиз раҳбарининг 10 дан зиёд фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Хусусан, Президентимизнинг 2020 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси тизимида Давлат ва ҳуқуқ институтининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Президиуми Ўзбекистон Республикасида юридик фанларни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Мувофиқлаштирувчи кенгаш – доимий равишда фаолият юритадиган, муҳокама қилувчи, маслаҳат берувчи ва мувофиқлаштирувчи орган бўлиб, илмий тадқиқотларни ўтказиш, илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлашни такомиллаштириш, илмий тадқиқотларнинг асосий йўналишларини шакллантириш ва амалга оширишнинг долзарб муаммолари бўйича тавсиялар беради ва тадқиқот мавзуларини ишлаб чиқади.
Йиғилиш Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти томонидан “Zoom” онлайн платформасида ташкил этилди.
Унда Мувофиқлаштирувчи кенгаш раиси, академик А.Саидов, Давлат ва ҳуқуқ институти директори А.Тўлаганов, профессорлар Ж.Тошқулов, Р.Ҳакимов, О.Оқйўлов, Ф.Отахонов, М.Рустамбоев, М.Тиллабоев, юридик соҳада фаолият юритувчи 70 дан ортиқ таниқли олимлар, амалиётчилар иштирок этди.
Йиғилишида Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида қайд этилган ҳамда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да мамлакатни янада ривожлантиришга қаратилган энг муҳим вазифалар, ички ва ташқи сиёсатга доир устувор йўналишлардан келиб чиқиб, Кенгашнинг жорий йилда амалга ошириши лозим бўлган устувор вазифалар кўриб чиқилди.
Жумладан, мамлакатимизда академик ҳуқуқий тадқиқотлар даражасини ошириш, юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотларнинг кейинги истиқболларини белгилашга оид ҳуқуқий илмий ишланмалар самарасини ошириш, юридик фанлар бўйича тадқиқотлар мавзуларининг рўйхатини янгидан шакллантириш, Мувофиқлаштирувчи кенгаш, Давлат ва ҳуқуқ институти ва давлат, нодавлат нотижорат ташкилотлар ўртасидаги самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Йиғилишда тадқиқотчиларнинг илмий ишлар натижалари муҳокама қилинишини ташкил этиш учун ОАВда кенг ёритилишини ва нашр этилишини ташкил этиш, энг асосийси, илмий диссертациялар сифатини янада ошириш масалаларига ҳам алоҳида урғу берилди.
Кун тартибидаги масалалар бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Давлат ва ҳуқуқ институти ахборот хизмати
ЎзА