Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони суд-ҳуқуқ ислоҳотларини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш ва одил судловга эришиш даражасини оширишга қаратилган.
Қарор ва ижро
Фармон билан маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларни ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолиниши назарда тутилган эди. Бу эса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг жиноят ишлари бўйича судларга қайтарилиши маъмурий судларнинг маълум маънода оптималлаштирилишини тақозо этади.
Шунингдек, мазкур ҳужжатга асосан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилиши белгиланган.
Маълумки, маъмурий судлар қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритилгунга қадар иккита тоифадаги ишларни – давлат органлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган шикоят ва аризалар бўйича маъмурий низолар, қонун билан уларнинг ваколатлари доирасига берилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқарди.
Маъмурий судлар иш ҳажмининг кўплиги оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўриб чиқиш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин эди.
Хорижий давлатларда эса маъмурий судлар ўз хусусиятидан келиб чиқиб, маъмурий юстицияни амалга оширади. Жумладан, Германияда маъмурий судларнинг вазифаси фақат жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳукумат ҳужжатлари устидан шикоятларини кўриб чиқиш ҳисобланади. Яъни, ушбу судлар оммавий-ҳуқуқий характердаги низоларни ҳал қилади. Германия маъмурий судлари фуқароларни давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро муносабатларда ҳимоя қилишга хизмат қилади. Францияда маъмурий судлар Германия маъмурий судлари сингари фуқароларнинг шикоятлари асосида фақат давлат органларининг маъмурий актлари қонунийлигини текширади. Бинобарин, ушбу судлар оммавий-ҳуқуқий характерга эга бўлган суд ишларини олиб боришга ихтисослашган.
Маъмурий ва бошқа оммавий-ҳуқуқий муносабатлар соҳасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишига эътибор қаратилаяпти. Бироқ масаланинг яна бир жиҳати шундаки, энди маъмурий судлар ривожланган давлатлар илғор тажрибасида мавжуд бўлгани каби маъмурий ва бошқа оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга янада кучлироқ ихтисослашишига имкон бўлади.
Бундан ташқари, суд ҳужжатларини қайта кўриб чиқишнинг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш, назорат тартибида иш юритиш институтини фуқароларнинг одил судловдан фойдаланишини кенгайтириш мақсадида бекор қилиш, апелляция ва кассация инстанцияларини ислоҳ қилиш чоралари кўрилмоқда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 январдаги “Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисида”ги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонуни қабул қилинди.
Қонун билан маъмурий суд ишларини юритишда назорат инстанцияси бекор қилинди. Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга (бизнес-омбудсман) биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти бериш ҳуқуқи берилди, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар бундан мустасно.
Эндиликда, апелляция шикояти қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир ой ичида берилиши мумкин, илгари ушбу муддат 20 кунни ташкил этган. Ишда иштирок этувчи шахслар апелляция шикоятини иш юритишга қабул қилиш юзасидан чиқарилган ажрим ҳақида уч кунлик муддатда хабардор қилинади, аввалги қоида бўйича ажрим қабул қилинган кундан хабардор қилинар эди.
Кассация шикояти апелляция инстанцияси суди томонидан қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир йил ичида берилиши мумкин. Илгари шикоят суднинг қарори қонуний кучга кирганидан кейин бир ой ичида берилар эди.
Манфаатдор шахслар ишни кассация тартибида такроран кўриш тўғрисида протест келтириш ҳақидаги ариза билан Олий суд раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарларига мурожаат қилишга ҳақли.
Умуман олганда, фуқароларнинг одил судловга эришишини таъминлаш, ортиқча оворагарчиликни бартараф этиш, уларнинг ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш самарадорлигини таъминлаш мақсадида суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текширишнинг илгариги тизимини ислоҳ этишни тақозо этган эди.
Зеро, ушбу вазифалар суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
И.Алимов,
Ўзбекистон Республикаси Олий суд судьяси.
ЎзА