Амударё туманидан Нукусга қайтиб келаётиб, магистрал йўл бўйида саксовул экаётган ишчилар билан учрашиб қолдик. Кун изғирин совуқ. Сув ташийдиган цистернадаги сув музлаб қоляпти, ишчилар тез-тездан олов тутиб қиздирмоқда.
Доим саксовул экувчилар орасида юраман, нимага қишнинг изғирин совуғида экар экан-а, деб ҳайрон қолардим. Нимага баҳорда экишмайди?
– Саксовул асосан кеч куз ёки қиш мавсумида экилади. Оролнинг қуриган тубида ҳам чўл ўсимликлари декабрь ойи охирларидан экила бошлайди, – деди ўзини “Қорақалпоғистон йўл кўкалам” УК да бўлим бошлиғи деб таништирган Абат исмли йигит. – Сабаби, унинг уруғи ёки ниҳоли қиш бўйи ёққан қор ва ёмғирларнинг сувини бўйига сингдириб ётади.
Саксовул кўчатдан ҳамда уруғдан экилади. Уруғни сепганда учиб кетмаслиги учун устига юпқа тупроқ ёйилади. Агар уруғ теранроққа тушиб кетса, униб чиқиши қийин бўлади.
Йўлнинг бўйига саксовул икки мақсадни кўзлаб экилади: биринчиси, йўл бўйида манзарали дарахт каби муҳимлик касб этса, иккинчидан қум кўчишининг олдини олади. Битта туп саксовул 4 тоннагача қум кўчишининг олдини олиши мумкин. 4 тонна эса битта уйни босиб қолишга етади.
Қорақалпоғистонда қум остида қолиб кетган қадимий шаҳарлар кўп. Беруний, Элликқалъа, Тўрткўл туманлари ҳудудида ҳанузгача қумостидан чиқаётган қалъалар бор. Бу қалъалар асосан XIII-XVI асрларда Орол денгизининг қуриб кетишидан кейин юзага келган қурғоқчилик туфайли бўлган.
Тарихдан маълумки, Чингизхон лашкарлари Хоразмни босиб олиш учун Амударёнинг тўғонини очиб юбориб, кўҳна Урганчни сув остида қолдиради. Орол денгизига қуйилаётган дарё энди Сариқамиш кўлига, ундан нари Каспий денгизи томон оқа бошлайди. Икки-уч аср мобайнида Амударё сув қуймагандан кейин Орол денгизи худди ҳозирги аҳволини бошдан кечирган. Денгизнинг очилиб қолган қисмидан туялар карвони ўтган. Қуриб қолган майдондан кўтарилган қумлар яқин атрофдаги қадимий қалъаларни босиб қолган.
Қум босиб қолиш ҳавфи бугунги куннинг ҳам муаммоси – йўлларни тўсиб қўяди, уйларни босиб қолади ва чўлланиш жараёнини тезлаштиради.
Шу боис, “Қорақалпоғистон йўл кўкалам” УК ходимлари қишнинг қаҳратон совуқларида ҳам даштларга жон битиришга ҳаракат қилишмоқда.
Е.Қаноатов, М.Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА