Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидаги 1-Меҳрибонлик уйи 130 нафар болажонни ўз бағрига олган.
Масканда тарбияланувчиларнинг замонавий шароитда таълим-тарбия олиши учун барча шароит яратилган. Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун фортепьяно, хор, рақс, футбол, кураш, сузиш, волейбол, шахмат-шашка, стол тенниси, компьютер саводхонлиги, пазандачилик, ёш китобхон, тикувчилик, рассомчилик, гулчилик, каштачилик, сартарошлик каби тўгараклар ишлаб турибди. Шунингдек, ёш истеъдодлар учун “Тонг ғунчалари” миллий фольклор жамоаси ва “Қарс” мусиқий гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилган.
Эътиборлиси, муассаса тарбияланувчилари нуфузли кўрик-танлов ва спорт мусобақаларида муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Хусусан, 2019 йил Хўжайли тумани Касаба уюшмаси томонидан спортнинг волейбол тури бўйича ўтказилган мусобақада 23 жамоа орасида мазкур Меҳрибонлик уйининг ўғил болалар жамоаси фахрли 3-ўринни эгаллади. Ўша йилнинг май ойида Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ўртасида ўтказилган “Камалак жилоси” республика расмлар кўрик-танловида М.Қосимбетов “Хитой менинг тасаввуримда” мавзусида чизган расми билан 2-ўринга сазовор бўлди. Шунингдек, 2019 йил 25-27 сентябрь кунлари Нукус шаҳрида спортнинг теннис тури бўйича ўтказилган Қорақалпоғистон чемпионатида Яна Богуш, Жадира Абдихалиқова, Минаж Токаров, Муҳамедали Карамовлар ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди. 2020 йил март ойида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан маскан тарбияланувчиси Раъно Карамова “Умид учқуни” кўкрак нишони ва пул мукофоти билан тақдирланди. 2020 йил “Камалак” юлдузлари” болалар ижодиёти фестивалининг якуний онлайн босқичида “Қарс” эстрада чолғу ансамбли ва “Тонг ғунчалари” рақс ансамбли ўз йўналиши бўйича лауреатликни қўлга киритди.
Тарбияланувчиларнинг ушбу ютуқларида Меҳрибонлик уйи раҳбари Светлана Соннинг ҳам ҳиссаси улкан. С.Соннинг ўз касбига жонкуярлиги, фидойилиги давлатимиз томонидан муносиб баҳоланиб, 2007 йил Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, 2018 йил “Соғлом авлод учун” 2-даражали ордени, 2019 йил “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланган.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА