2020 йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан қиймати 352,7 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулот экспорт божхона режимига расмийлаштирилган. Умумий қиймати 502,1 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи Оролбўйи ташқи савдо айланмасининг 70,2 фоизи товарлар экспортига тўғри келган.
– Бу мамлакатимизда экспортёр корхоналар қўллаб-қувватланиб, уларга кенг имкониятлар тақдим этилаётганининг самарасидир, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси бошлиғи Олимжон Ҳожиматов. – Республика ҳудудидан асосан полиэтилен, артемия цистаси, кунжут маҳсулотлари, пахта толаси, пропилен, қизилмия илдизи ва унинг экстракти, ип-калава, кальцинирланган сода ҳамда тери маҳсулотлари дунёнинг Хитой, Россия, Туркия, Қозоғистон, Латвия, Украина каби бир қатор давлатларига экспорт қилинган.
Технологик асбоб-ускуналар, кимё саноати маҳсулотлари, ёғоч ва тахта, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари каби умумий қиймати 149 миллион 375 минг АҚШ долларига тенг маҳсулот импорт божхона режимига расмийлаштирилган. Шунингдек, ўтган 2020 йил давомида бошқарма томонидан божхона тўловларидан 244 миллиард 356 миллион сўм пул маблағи давлат бюджетига ўтказилиши таъминланди.
Амалдаги қонунчилик талабларига асосан тадбиркорлик субъектларига 2020 йил давомида жами 236 миллиард 780 миллион сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилди. Юртимизда фаолият юритувчи ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона тўловларидан тақдим этилган имтиёзлар натижасида тежалган маблағларнинг ўз фаолиятларини янада кенгайтиришга, иш ўринлари яратилиб, аҳоли фаровонлигига хизмат қилиши шубҳасиз.
Ўтган 2020 йил давомида бошқарма тасарруфидаги божхона постлари орқали 64113 та темир йўл вагонининг ҳаракати кузатилган бўлса, 101681 та автотранспорт воситасининг божхона постлари орқали ҳаракати амалга оширилган. Шу билан бирга, юртимиз сарҳадларида сергак божхоначиларимиз томонидан божхона соҳасига оид қонун ҳужжатларининг бузилиши билан боғлиқ 556 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, қиймати 15 миллиард 334 миллион сўмлик товар-моддий бойлик ашёвий далил тариқасида ушлаб қолинди. Шундан, жами 17 та ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари томонидан йил давомида 5 та ҳолатда қиймати 223 миллион сўмдан ортиқ бўлган сифати кафолатланмаган тамаки маҳсулоти, 3 та ҳолатда 507 дона психотроп ва кучли таъсир қилувчи дорилар, 9 та ҳолатда 5284,9 грамм (гашиш, марихуана, трамадол) каби гиёҳвандлик воситаси, шунингдек, ўқотар совуқ қуроллар тоифасидан 337 дона гильза, 15 дона дробнинг ноқонуний тарзда божхона чегаралари орқали кириб келиши ва айланмада бўлишининг олди олинди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА