Дарҳақиқат бугун мамлакатимизда унутилмас тарихий кунлардан бири бўлиб ўтди. Президентимизнинг Олий Мажлис палаталарига Мурожаати йўлланди. Фаолиятим банк соҳасида бўлганлиги боис келгуси йилдан банклараро валюта бозори «онлайн» платформа режимига ўтказилиши тўғрисида айтиб ўтилган фикрлари диққатимни тортди.

Табора ортда қолаётган 2020 йил давомида мамлакатимизда пандемия сабабли бевосита иш жараёнларидаги аксарият банк операциялар «онлайн» платформа тизимида олиб борилганлиги ходимларда бирмунча кўникма ҳосил қилди. Келгуси йилдан банклараро валюта бозори «онлайн» платформага ўтказилиши ва тадбиркорларга валютани бевосита банкнинг ўзидан сотиб олиш учун имкониятлар яратилиши натижасида тадбиркорлар валютани айни кунларда 4-5 кунда эмас, ярим соатда сотиб олишлари бирмунча вақтни тежаш ҳамда турли оворагарчиликларни олдини олишга замин яратади.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан уч йил олдин валюта бозорини эркинлаштирилгани боис, ўтган давр мобайнида эркин валюта айирбошлаш бўйича айтиш жоизки банк ходимлари ва мижозларда етарлича тажриба тўпланди. Бу ўринда илк амалга оширилиши белгилаб берилган вазифалардан бири иқтисодиётнинг хорижий валютага боғлиқлик даражасини босқичма-босқич камайтириш асосий масалалардан биридир.

Президентимизнинг, келгуси йилдан валюта кредитлари улушини ҳозирги 50 фоиздан 45 фоизга, яъни камида 2 миллиард долларга пасайтириш лозимлиги тўғрисидаги таклифлари айни муддао. Шунингдек, келгуси йилдан миллий валютада чиқариладиган халқаро облигациялар улушини ҳозирги 25 фоиздан камида 40 фоизга ошириш зарурлиги белгилаб берилди.

Маҳаллий кенгаши депутати сифатида ишонч билан айтаманки «Айни вақтда ташқи қарз ҳисобидан ҳудудларда амалга ошириладиган лойиҳалар тегишли масъуллар томонидан бундан буён маҳаллий Кенгашлар ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши белгилаб берилгани, уларнинг натижалари тўғрисида жамоатчиликка ҳисобот бериш тизими йўлга қўйилиши, амалга оширилаётган лойиҳаларнинг қанчалик пухта ишлаб чиқилганлиги, натижа ва самарадорлиги маҳаллий кенгаш муҳокамаларида чиғириқдан ўтказилса фойдадан холи бўлмайди.

 

Хусен Амонов,

Халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгаши депутати,

АТБ «Қишлоқ қурилиш банк»нинг Навоий

минтақавий филиали бошқарувчиси