Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномаси давомида маҳалла тизими, ундаги масъулият, амалга оширилиши керак бўлган ишларга тўхталиб ўтди.

– 4-5 та бўш турган жойлар, 10-12 та кичик ишламай турган корхоналар бор. Уларга кредит бериш керак, солиқдан қўллаб-қувватлаш керак, ана шунда ўзгаришлар бўлади. Шунинг учун барча раҳбарлар пастга тушиб, ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги муаммоларни ўрганиши ва уларга ечим топиши, одамлар сезадиган натижа қилиш шарт. Бундан буён маҳалладаги вазият, аҳвол вазирлик, ҳокимликдаги ишларни баҳолашда бош мезон бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.

Шунингдек, маҳалланинг нуфузи, унинг ресурсини ошириш, ходимларнинг моддий таъминотини таъминлаш учун дастур ишлаб чиқилади. Келаётган йилдан туманлар бюджетига қўшимча маблағларнинг камида 10 фоизи бевосита маҳаллалардаги муаммоларни ҳал этишга сарфланади. Эндиликда туман бюджетининг 5 фоизи ҳам қуйи поғоналарни ривожлантиришга сарфланади.