Йил сарҳисоби

Пандемия

2020 йилда дунё халқлари бир қатор чақириқлар билан тўқнаш келди. Шулардан бири барча мамлакатлар аҳолисининг турмуш тарзига кескин ўзгартишлар киритган коронавируснинг янги тури туфайли кузатилган пандемия бўлди.

Март ойида Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус инфекциясининг янги тури боис пандемия эълон қилди. Шу кунгача номаълум бўлган вируснинг кенг тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида кескин чоралар кўрилди – март ойидан бошлаб мамлакатлар бирин-кетин ўз чегараларини беркита бошлади, йўловчилар ташилишига йўл қўймаслик мақсадида авиапарвозлар ва денгизда қатновлар тўҳтатилди. Мамлакатлар локдаун жорий қилишга мажбур бўлди – дўконлар, барлар, ресторан, музей ва театрлар беркитилди. Ходимлар масофадан ишлашга ўтди. Пандемия тўлқини жаҳон иқтисодиётига катта зарба берди – апрелда нефть нарҳи тушиб кетди, жаҳон авиатармоғи, туризм, кичик ва ўрта корхоналар рекорд даражада зарарга кирди.

Чегаралар беркитилгани боис жаҳон бўйлаб одамлар мураккаб вазиятига тушиб қолди – ўн минглаб сайёҳлар уйларига қайта олмай ўзга мамлакатларда қолиб кетди. Кўплаб одамлар эса ўқиш, ишлаш, даволаниш учун бошқа мамлакатларга бориш имкониятидан маҳрум бўлди. Пандемия боис кўплаб халқаро тадбир ва анжуманлар бекор қилинди ёки кейинроққа қолдирилди. Жаҳон аҳли янгича шароитда яшашга кўникишга мажбур бўлди. Тадбирлар офлайндан онлайнга ўтилди. Жумладан, тарихда илк бор БМТ Бош Ассамблеясининг олий даражадаги учрашуви виртуаль форматда бўлиб ўтди. Худди шунингдек, «Катта йигирмалик», Европа Иттифоқи, БРИКС, МДҲ каби ҳалқаро ташкилотларнинг саммитлари ҳам онлайн тарзда ўтказилди.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига қараганда, коронавирусга чалинганлар сони 75 миллион кишидан ошиб кетди, шундан 1,6 миллион киши вафот этди. Энг кўп касалликка чалинганлар АҚШ ҳиссасига тўғри келади — «океан орти» мамлакатида касаллаганлар сони 17 миллионга етди. Кейинги ўринларда Ҳиндистон, Бразилия, Россия, Франция, Испания, Буюк Британия, Италия, Аргентина ва Колумбия турибди. Айни дамда касаллика қарши 200 дан ортиқ вакцина устида иш олиб борилмоқда. Шундан еттита вакцина клиник тадқиқотларнинг учинчи босқичида турибди. Аҳолини оммавий эмлашлар Россия, Буюк Британия, АҚШ ва Исроилда бошлаб юборилди.

 

Brexit 

Буюк Британия референдум ўтказилганидан уч ярим йил ўтиб 2020 йилнинг 31 январь куни Европа Иттифоқи сафларидан чиқди. Brexit учун британияликларнинг 51,89% овоз берган эди. Шуни таъкидлаш керакки, Буюк Британия бирлашма таркибида 47 йил бўлди, аммо шу вақт мобайнида Британиянинг Европа билан тўла интеграцияси амалга ошмади: Қўшма Қироллик ўз валютасини сақлаб қолди ва Шенген ҳудудига кирмади.

2020 йилнинг 31 декабрига қадар ўтиш даври давом этади. Шу муддат ичида Буюк Брианияда ЕИ меъёрлари қўлланилади, Ягона бозор аъзоси бўлиб қолади ва ЕИ мамлакатлари билан пошлина ва квоталарсиз савдо қилади. Куни кеча Британия ва Европа Иттифоқи Brexit борасидаги музокараларда келишувга эришди. Шу тариқа кескин Brexitнинг олди олинди. Кескин брекситга кўра, бир тўхтамга келинмаган тақдирда, Буюк Британия 31 декабр куни Европа Иттифоқидан ҳеч қандай келишувсиз чиқиб кетиши керак эди. Бу эса кўплаб судлар ва ҳар икки томон учун катта зарар кўринишида муаммолар келтириб чиқарарди

Шотландиянинг биринчи вазири Никола Стержен Лондон ва Брюссел Brexit бўйича келишувга эришгани тўғрисидаги хабарга муносабат билдирди. У ўзининг Twitter саҳифасида Шотландия мустақил бўлиши кераклигини ёзди.

Қўшнилар билан яраш

2020 йилнинг январида АҚШ Араб-Исроил мажорасини бартараф этишга қаратилган режани тақдим қилди. Бу режа «Аср келишуви» дея эълон қилинди. Америка режасига кўра Қуддус Исроилнинг бўлинмас пойтахти дея тан олинади, шунингдек Исроилга Йордан дарёси Ғарбий соҳили ҳудудларини эгаллаб олиш имконини беради. АҚШ режасига биноан Фаластин томони қуроллардан холи давлатга эга бўлади. АҚШ Фаластин Давлатининг пойтахти сифатида Қуддус шарқидаги Абу-Дис қишлоғини таклиф қилди. Бошқа араб мамлакатлари сингари Фаластин ҳам АҚШ таклифни инкор қилди. Уларнинг фикрича, «Аср келишуви» фаластинликларнинг БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан қабул қилинган резолюцияда белгилаб қўйилган ҳудудларга бўлган хуқуқларидан маҳрум қилар экан.

Фаластин манфаатлари инобатга олинмаган Америка режаси Исроил томонидан қўллаб-қувватланганига қарамай амалда ҳаётга татбиқ этилмай қолди. Бироқ, АҚШ воситачилигида Исроилнинг бир қатор араб мамлакатлари билан тинчлик келишувларига эришишга сабаб бўлди. Исроилнинг ишонч билдиришича, қўшни давлатлар билан алоқаларнинг яхшиланиши Араб-Исроил мажорасига бутунлай барҳам берар экан.

Август ойида АҚШ Бирлашган Араб Амирликлари ва Исроил муносабатларини яхшилаш борасида келишувга эришилганини эълон қилди. Бунга кўра икки мамлакат ўртасида тўғридан тўғри ҳаво қатновлари йўлга қўйилади, элчилар тайинланади, инвестициялар, туризм, хавфсизлик, телекоммуникациялар соҳаси ва бошқа масалаларда ҳамкорлик қилинади. Шу тариқа БАА Миср ва Йорданиядан кейин Исроилни тан олган учинчи араб давлати бўлди. Орадан ярим ой ўтар-ўтмас бу сафга Баҳрейн ҳам қўшилди. Октябр ойида эса Исроил ва Судан ўртасида худи шу каби Келишувга эришилди. Декабр ойи ўрталарида Марокаш ҳам Исроил билан дипломатик муносабатлар ўрнатишга розилик берди.

Раҳбарлар ўзгарди

Кузатаётган йилимизда бир қатор мамлакатларда раҳбарият ўзарди.

2020 йил ноябрда АҚШда президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Бу галги сайловлар бир нечта рекордлар билан тарихга кирадиган бўлди. Сўнгги 120 йилда илк бор сайловчилар иштироки рекорд кўрсаткичга чиқди. Бу галги сайловда 160 миллиондан ортиқ сайловчи (мамлакат аҳолисининг 67%) иштирок этди. Тўғри, уларнинг кўпчилиги почта ёрдамида овоз берди. Почта орқали овоз бериш Дональд Трамп ва республикачиларнинг эътирозига сабаб бўлди. Улар рақиб фойдасига овозлар сохталаштирилганлигини иддао қилишмоқда.

Иккинчи рекорд – бу номзодлар ёши бўлди. Сайловлар куни амалдаги президент Трампнинг ёши 74 да, Джо Байден эса 77 ёшда эди. У мамлакат тарихидаги энг кекса президент сифатида кўриладиган бўлди. Камала Харрис эса АҚШ тарихидаги илк аёл вице-президент бўлди.

Жаҳон сиёсатида кутилмаган ўзгаришлар Японияда ҳам кузатилди. Мамлакат бош вазири Синдзо Абэ соғлиғини сабаб қилиб кўрсатган ҳолда истеъфога чиқишини эълон қилди. Абэ Япония сиёсатида фахрий ҳисобланади. У салкам саккиз йил вазирлар маҳкамасини бошқарди. Иккинчи жаҳон урушидан кейин бирорта ҳам бош вазир шунча муддат хукуматни бошқармаган эди. Ҳукумат бош котиби лавозимида ишлаб келаётган Ёсихидэ Суга ҳукмрон Либерал-демократик партия раҳбари ва Япония бош вазири этиб сайланди. У Абэнинг сиёсий йўлини «давом эттириш ва ривожлантириш»га ваъда берди. Вазирлар маҳкамаси таркибида кескин ўзгаришлар кузатилмади. Ташқи ишлар вазири Тосимицу Мотэги ва Иқтисод, савдо ва саноат вазири Хироси Кадзияма ўз лавозимларида қолди. Бош вазир ўринбосари, молия вазири Таро Асо ҳам лавозимни сақлаб қолди. Мудофаа вазири этиб Абэнинг укаси Нобуо Киси тайинланди. Мудофаа вазири лавозимида ишлаб келган Таро Коно эса Маъмурий ислоҳатлар ишлари вазири этиб тайинланди.

2020 йилда Лотин Амеркасидаги икки мамлакат раҳбари ўзгарди. Биринчисида режа бўйича ўзгарган бўлса, иккинчисида кутилмаганда юз берди. Боливияда ҳокимиятга «Социализм сари ҳаракат» партиясининг номзоди Луис Арсе келди. У собиқ президент Эво Моралеснинг ҳаммаслаги ҳисобланади. Аммо таҳлилчилар Луис Арсе собиқ раҳбар Моралес партиясига мансуб бўлсада, бошқача сиёсат олиб бораётганини айтишмоқда. Мамлакат янги етакчиси иқтисодиёт реконструкция қилинишини ва АҚШ билан муносабатлар яхшиланишини эълон қилди.

Ноябр ойида Перуда сиёсий силкиниш кузатилди. Мамлакат Конгресси республика президенти Мартина Вискарруни хокимиятдан четлаштирди. Вискарру 2011-2014 йилларда Могекуа минтақаси губернатории бўлиб ишлаганида пора олганликда айбланди. Унинг ўринини Конгресс спикери Мануэль Мерино эгаллади. Аммо мамлакатда оммавий норозиликлар бошланиб кетди. Норозиликларни тарқатиш вақтида икки киши ҳалок бўлди, 94 киши яраланди. Президент лавозимида бир ҳафта ҳам ишламаган Мерино истеъфога чиқди. Мамлакат Муваққат президенти этиб конгрессмен Франсиско Сагасти сайланди. У келаси йилнинг 11 апрелига белгиланган президентлик сайловларини ўтказиши керак.

 

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА