28 декабрь – Халқаро кино куни муносабати билан Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирининг ҳарбийлари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши Қорақалпоғистон Республикаси минтақавий бўлинмаси вакиллари “Қарақалпақфильм” киностудияси ҳамда “Қарақалпақкино” агентлиги ходимларини самимий муборакбод этишди.
Таъкидлаш жоизки, “Қарақалпақфильм” киностудиясига айни пайтда шу соҳада 43 йиллик тажрибага эга бўлган Бахтияр Мадияров раҳбарлик қилиб келмоқда. Киностудия томонидан ҳозирги кунга қадар суратга олинган мингга яқин ҳужжатли, бадиий ва мультипликацион фильмлар, болалар ҳаётига мўлжалланган юмористик журналлар телевидение орқали ёритиб келинмоқда. Соҳа мутахассислари қорақалпоқ кино санъатини юқори чўққиларга олиб чиқишни ўз олдиларига мақсад қилиб олишган.
Қорақалпоқ ёзувчиси М.Низанов ва Ш.Ғиёсова сценарийси асосидаги “Қўрғон” номли ватанпарварлик ғояларига асосланган бадиий фильм ҳам айнан ўзбек ва қорақалпоқ кино санъатининг ҳамоҳанглигида тасвирга олинган бўлиб, томошабинларнинг севимли фильмига айланган.
Халқаро кино кунида киностудияга ҳарбийларнинг ташрифи, албатта, ижодкорлар кайфиятига илиқлик бахш этиб, келгусида ҳамкорлик тадбирлари ўтказилиши режалаштириб олинди. “Қарақалпақкино” агентлиги раҳбари Бектилеу Низаматдинов аскарларга байрамона туҳфа – “Тенгиз” фильмининг нусхасини совға қилди.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати