Ўз маромида сузиб бораётган дунё қайиғи бу йил кутилмаган тўфонга дуч келди. Тўфонки, дунё тарихининг бизларга маълум қисмида ҳали кузатилмаган, инсониятга етказган моддий ва маънавий зарарининг ўлчови йўқ бир офат.
Давлат мукофоти соҳиблари
Кейинчалик, катта эҳтимол билан пандемия ёки карантин билан боғлаб эсланувчи 2020 йил, айниқса, Ўзбекистон учун жуда синовли бўлди. Аввал карантин, кейин Бухоро ва ортидан Сардоба талафотлари…
Ҳар яхшининг бир ёмони бўлгани каби, ҳар ёмоннинг бир яхшиси бор, албатта. Яъники, мазкур оғир йилда давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилган оқилона сиёсат натижасида Ўзбекистон нафақат ушбу тўфонга бардош бера олди, балки бу синовдан янада кучли бўлиб чиқди. Бағрикенг, меҳр-оқибатли халқимиз янада жипслашиб, инсонийликнинг юксак намунасини ифода этишди.
Халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилган Ўзбекистоннинг ушбу мураккаб вазиятда тутган йўли, халқимизнинг бирдамлиги ҳақида жуда узоқ гапириш мумкин. Лекин айни дамда бошқа бир масала – ўша оғир, мураккаб ва синовли дамлар қаҳрамонлари ҳақида айтмоқчимиз. Карантин сабаб одатий турмуш тарзимизда кузатилган ўзгаришлар – ўрнатилган чекловлар, янги тартибларга кўниккан, шу шароитга мослашган, бухоролик ва сирдарёлик юртдошларимизга меҳр қўлларини узатган ҳар биримиз қаҳрамон, аслида. Аммо яна бир тоифа қаҳрамонлар борки, синовли кунлар, айниқса, “Сардоба” сув омбори ўпирилиши билан боғлиқ фавқулодда ҳолатда жонини хатарга қўйиб, сувга чўкаётган юртдошларимизни қутқарган, талафот оқибатларини бартараф этишда жонбозлик кўрсатган. Бундай фидойи, мард инсонлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтмасак бўлмайди.
Санжар Ибрагимов халқимизнинг ана шундай ўғлонларидан бири. У ўша машъум воқеа рўй берган куни Миллий гвардиянинг “Ёрдам” сигнали бўйича эрта тонгдан Оқолтин, Сардоба ва Мирзаобод туманларида техноген фалокат оқибатларини бартараф этишда биринчи сафларда иштирок этди.
Машғулотлар мобайнида ҳарбий хизматчиларнинг ўқиб-ўрганган билим ва кўникмалари ана шу синовли дамларда асқатди. Қисқа вақт ичида 90 мингдан ортиқ аҳоли хавфсиз ҳудудга соғ-саломат вақтинча кўчирилди. Қуролли Кучлар сафида 14 йилдан буён хизмат қилаётган С.Ибрагимов сувда ўлим билан курашаётган 30 кишини қутқарди. Ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, 350 нафардан ортиқ аҳолини хавфсиз жойларга эвакуация қилишда фаол иштирок этди. Фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этишда барча юртдошларимизни сувдан омон олиб чиқди. Қутқарувнинг охирги дамларида тошқин кучайиб, С.Ибрагимовни сув оқизиб кетди. У 15 километр оқиб, кейин хизматдошлари томонидан қутқарилди.
Майор С.Ибрагимов чарчоқ ва оқиб кетиши оқибатида шок ҳолатида эканлигига қарамай, шу куннинг ўзида қидирув-қутқарув тадбирларида охиригача қатнашди.
Ҳарбий қисм махсус тайёргарлик бўйича гуруҳи катта офицер-йўриқчиси Санжар Ибрагимов кўрсатган ушбу қаҳрамонлиги, жасорати, фидокорона хизматлари учун Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги муносабати билан давлатимизнинг “Мардлик” ордени ҳамда Ўзбекистон Миллий гвардияси қўмондонининг “Намунали хизматлари учун” III даражали кўкрак нишони билан мукофотланди.
– Ёшлигимда мактабимизга келган бир гуруҳ ҳарбийларнинг ўзини тутиши шу касбга қизиқишимни орттирди, – дейди С.Ибрагимов. – Улардан ҳарбий бўлиш учун нималар талаб этилишини сўраганман. Ҳарбийлар бу касб эгасидан биринчи ўринда кучли ирода, матонат, ватанпарварлик талаб этилишини айтган. Мана шу учта сўз ҳамон қулоқларим остида жаранглайди. Ёшлигимдан бу касбга лойиқ бўлиш учун курашдим, жисмонан бақувват бўлиш учун спорт билан мунтазам шуғулландим. Шу мақсадда олий ўқув юртида таълим олиб, билимимни оширдим. Ҳозир ўзим севган соҳада хизмат қилаётганимдан, юртдошларимизга оғир дамларда ёрдам бераётганимдан бахтиёрман. Айниқса, Президентимизнинг фармонига мувофиқ, давлатимизнинг юксак мукофотига лойиқ кўрилганим– бунинг қувончи, масъулияти жуда юксак бўлар экан.
Тўғриси, ҳеч қачон бунчалик ҳаяжонланмаганман. Президентнинг қўлидан давлат мукофотини қабул қилиб олиш ҳар бир фуқаро учун катта шарафдир.
Ватанимиз тинчлиги, халқимизнинг осуда ҳаётини кўз қорачиғидек ҳимоя қилишга қодир Санжар Ибрагимовдек мард ўғлонларимиз бор экан, Ўзбекистон ҳамиша тинч, халқимиз хотиржам бўлади. Давлатимиз барқарор ривожланиб, элимизнинг турмуш фаровонлиги ортиб бораверади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА