Миллий матбуот марказида «Ўзтемирйўлназорат» инспекциясининг 2020 йилдаги фаолияти якунларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Қайд этилишича, инспекция томонидан 2020 йилда умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти ва темир йўл транспорти соҳасида фаолият юритадиган юридик шахсларнинг шохобча йўлларида юк ва йўловчи ташиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлат назоратини амалга ошириш юзасидан ваколатли органни хабардор этиш тартибидаги 89 та текширув ўтказилган. Бу кўрсаткич (пандемия сабабли) 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 105 тага кам.

– Инспекциянинг асосий мақсади темир йўл тизимида хавфсизликни таъминлашдан иборат, – дейди «Ўзтемирйўлназорат» инспекцияси ахборот хизмати бошлиғи Фирдавс Хайриддинов. – Темир йўл тизимида йил давомида 44 та автоҳалокат содир бўлган. Бунда ўлим билан тугалланган, жароҳат ва автомобилларга шикаст етган ҳолатлар ҳам кузатилди.

Йил давомида 182 та қозонхона объекти, кўтариш иншооти техник кўрик ва синовдан ўтказилган.

Анжуманда журналистлар саволига мутахассислар томонидан жавоб берилди.
Д.Маматова, ЎзА