Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати I даражали “Саломатлик” ордени билан тақдирланган Республика Вирусология илмий текшириш институти клиникаси бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Муҳайё Асилованинг пандемия даври машаққатлари ҳамда Давлат мукофоти билан тақдирланиш жараёнидаги фикрлари билан қизиқди.
— 2020 йил бутун инсоният, хусусан, халқимиз учун оғир, синовли йил бўлди. Ўша даврларни ёдга оладиган бўлсак, дунё халқларини таҳликага солган коронавирус балоси март ойида, афсуски, бизнинг юртимизга ҳам кириб келди. Аммо “COVID-19” инфекцияси оммалашишининг ваҳимаси, қўрқуви, аллақачон, хорижий мамлакатлардаги оғир вазият ҳақидаги хабарлар билан бир неча ой олдин етиб келганди.
Президентимиз йил бошида ўтказган қатор мажлис, видеоселлектор йиғилишларида пандемия даврига тайёр туришимиз керак, дея кўп бор таъкидлади. Шу боис Ватан сарҳадларида ўз чегарасини ҳимоя қилиб, жангга тайёр турган посбонлардек, биз тиббиёт ходимлари ҳам кўринмас ёв билан курашишга ҳам руҳан, ҳам маънан ўзимизни тайёрлаб бордик.
Шифохонамизга биринчи инфекция билан зарарланган бемор келтирилган кун ҳали-ҳануз кўз олдимдан кетмайди. Бемор ёнига кираётганимизда муассасамиз ходимларининг менга тикилган кўзларидаги, энди нима бўлади, деган савол кўринишидаги ҳадик ва қўрқув аралаш нигоҳи юрагимга кўчди.
Аммо касбимга бўлган меҳрим ва қасамёдимга садоқатим туфайли ва раҳбарлик масъулияти билан биринчи бўлиб бемор ёнига тап-тортмай кириб бордим. Ходимларимни ҳам курашга, халқимиз бошига дард тушганида уларга малҳам бўлишга ундадим.
Тан олиб айтиш керак, ўша пайтда бутун дунёда бўлгани каби бу вирусга қарши курашиш бўйича бизда ҳам тажриба, етарлича шарт-шароит мавжуд эмасди.
Аммо давлатимиз раҳбарининг оқилона олиб борган сиёсати, тиббиёт ходимлари жасаорати билан пандемия даврини катта ижтимоий-иқтисодий йўқотишларсиз ўтказдик. “COVID-19” инфекцияси дунё миқёсида яшин тезлигида тарқалиб бораётган бир пайтда мамлакатимизда ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар туфайли бу офатни оммалашишини нисбатан жиловлашга эришилди.
Бунда жойларда қисқа муддатларда даволаш профлактика муассасалари, карантин зоналари ҳамда бутун дунёда кам бўлган тажриба юртимизда Саралаш ва тақсимлаш марказлари ташкил этилгани муҳим ролъ ўйнади.
Қайд этиш керак, ёз чилласи июнь-июль ойлари пандемия кучайган энг оғир даври бўлди. Беморларнинг ҳаёти учун жон куйдириб, кунни-тунга улаб машаққатли меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларига руҳан кўмак зарур эди. Шундай кунларнинг бирида, ярим тунда беморлар ёнидан чиққанимда оммавий ахборот воситалари орқали бизни Коронавирус пандемиясига қарши курашишда фидойилик кўрсатган бир гурух юртдошларимизга Давлат мукофотлари топшириш ҳақидаги Президент Фармонига кўзим тушди.
Тақдирланганлар сафида ўзимнинг исм-фамилиямни кўриб бошим осмонга етди. Куч-ғайратим, шижоатим янада жўшди. Менинг камтарона меҳнатимга, мен орқали барча тиббиёт ходимлари меҳнатига берган бундай катта баҳодан бошим осмонга етди. Бу юксак мукофот мени келажакда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида янада фидойилик билан меҳнат қилишга ундайди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими