Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш учун ўрнатилган янги ҳисоблагичлар: муаммо ва ечим” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази, “Тошкент шаҳар электр тармоқлари” АЖ мутасаддилари, соҳа мутахассислари ва ОАВ вакиллари иштирок этган тадбирда соҳада мавжуд муаммо ва уларнинг ечимига асосий эътибор қаратилар экан, унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 октябрдаги “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида АСКУЭ тизими талабларига мос келувчи ҳисоблагичлар ўрнатилаётгани тизимдаги ҳал этилиши зарур бўлган камчиликларни бартараф этишда муҳим қадам экани таъкидланди.

Қайд этилишича, ҳозирги кун ҳолати бўйича мамлакатимизда 5 миллион 379 минг 615 нафар ёки 73 фоиз истеъмолчига ушбу тизим талабларига мос келувчи ҳисоблагичлар ўрнатилган. Ҳисоблагич ўрнатилган истеъмолчиларнинг қарийб 3 миллиони ёки 51 фоизи биллинг тизимига уланган.

– АСКУЭ тизимини жорий этишдан асосий мақсад истеъмолчи ва таъминотчи ўртасидаги шаффофликни таъминлашга қаратилган, – деди Энергетика вазирлиги тизимидаги «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси биринчи ўринбосари Жаҳонгир Обиджонов. – Шу билан бирга, етказиб берилган электр энергияси учун ҳисоб-китобларга аниқлик киритиш, электр энергиясини тақсимлашда ҳар бир истеъмолчи ва трансформатор пункти кесимида керакли маълумотларни олиш ва таҳлил қилиш орқали модернизация ишларини амалга оширишдир. Қолаверса, таъминотчи ва истеъмолчи ўртасидаги ҳар қандай тушунмовчиларга бартараф бериб, шаффоф муносабатни яратишда бу тизим муҳим аҳамиятга эга.

Хўш, АСКУЭ тизимини жорий этиш нима учун зарур?

Тадбирда мутахассислар томонидан ушбу саволга аниқлик киритилди. Уларнинг қайд этишича, аксарият истеъмолчилар охирги ўчириш чораси кўрилмагунга қадар фойдаланилган электр энергияси учун тўлов қилмаслик ҳолати кузатилмоқда. Масалан, бугунги кун ҳолати бўйича фойдаланилган электр энергияси учун 1 йилдан ортиқ давр мобайнида тўловларни амалга оширмаган истеъмолчилар сони 915 минг 456 нафарни ташкил этади. Улардан қарздорлиги мавжудлари 582 минг 731 нафарни, ҳаттоки 3 йилдан ортиқ давр мобайнида тўлов қилмаган истеъмолчилар сони 359 минг 35 нафарни, шундан қарздорлари 281 минг 583 нафарни ташкил этмоқда. Янги тизим бу каби қарздорликларга барҳам бериши билан бир қаторда, истеъмолчиларнинг тўлов маданиятини оширишга ҳам хизмат қилади.

– Қайд этиш керакки, жорий йилдан буён тўловларни умуман амалга оширмаган қарздор истеъмолчилар Самарқанд вилоятида 45 минг 544 нафарни, Тошкент вилоятида 43 минг 742 нафарни, Фарғона вилоятида 28 минг 642 нафарни ва Андижон вилоятида 26 минг 364 нафарни ташкил этади. Ўз навбатида, истеъмолчиларнинг қарздорликлари бўйича ўтказилган таҳлилларга кўра, бугунги кун ҳолатига қарздорлиги юқори бўлган, яъни 1 миллион сўмдан 3 миллион сўмгача бўлган қарздор аҳоли истеъмолчилар сони 158 минг 645 нафарни, 3 миллион сўмдан 5 миллион сўмгача 29 минг 496 нафарни ва 10 миллион сўмдан юқориси 6 минг 838 нафарни ташкил этмоқда. Кўп ҳолатларда қарздорлиги мавжуд истеъмолчилар тармоқдан ажратилганда улар томонидан ўзбошимчалик билан тармоққа қайта уланиб олиш ҳолатлари мавжуд эди. АСКУЭ тизими жорий этилиши истеъмолчиларнинг ўзбошимчалик билан ана шу каби тармоққа уланиб олишига ҳам чек қўяди, – деди Ж.Обиджонов.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА,

ЎзА мухбири