Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бозорларда нархлар барқарорлигини сақлаш, маҳсулотлар қийматининг сунъий равишда оширилишига йўл қўймаслик борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ҳудудларда қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Аҳолининг кунлик эҳтиёжи учун зарур бўлган бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини барқарор сақлаб туриш долзарб масалалардан ҳисобланади. Шу мақсадда, Қорақалпоғистон Республикасида мавжуд 18 та деҳқон бозорида арзон нархларда савдо ярмаркалари ташкил қилинмоқда. Чекка ҳудудларнинг аҳолисига “Элга хизмат” кўчма савдо ярмаркалари хизмат кўрсатмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Фархат Алламбергенов Нукус шаҳар, Тўрткўл, Беруний ва Хўжайли туманларида жойлашган марказий деҳқон бозорларида бўлиб, савдо расталари ҳамда арзонлаштирилган ярмаркалар фаолияти ҳамда озиқ-овқат захиралари сақланаётган омборхоналарни кўздан кечирди. Жумладан, “Даладан дастурхонгача” тамойили асосидаги байрам ярмаркалари фаолияти ҳамда улардаги аҳоли учун таклиф этилаётган маҳсулотлар сифати ва нарх кўрсаткичлари ўрганилди.
Ўрнанишлар давомида асосий эҳтиёж сирасига кирувчи маҳсулотлар нархини назорат қилиш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада яхшилаш, паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик ҳамда мева-сабзавотчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларига барча шароитларни яратиш зарурлиги қайд этилди. Бугунги куннинг муҳим вазифаси бўлган озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласида масъулларга аниқ кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА