Нукус шаҳрида “Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиори остида анъанавий дўстлик ва маданият фестивали бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Нукус шаҳар ҳокимлиги, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозияти, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, миллий маданий марказлар билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирнинг асосий мақсади, ёшларни турли ёт иллатлардан сақлаш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, мустақиллик ғояларига садоқат руҳида тарбиялашдан иборат.
Миллати, ирқи ва диний эътиқодидан қатъий назар, мамлакатимиз фуқароларининг онгида кўп миллатли ягона оила туйғусини янада мустаҳкамлаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири бўлиб ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 8-моддасида белгиланганидек, Ўзбекистон халқини миллатидан қатъий назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил қилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг жорий йил 11 августдаги чора-тадбирига мувофиқ ташкил этилган фестивалда қайд этилганидек, бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил бўлиб яшаб келмоқда. Буни юртимизда фаолият олиб бораётган миллий-маданий марказлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Мустақиллигимизнинг дастлабки йилида мамлакатимизда 10 га яқин миллий маданий марказ бўлган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 140 га яқин бўлиб, самарали фаолият юритмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимиз таълим муассасаларида ўқиш 7 тилда олиб борилмоқда. Теле-радио кўрсатув ва эшиттиришлар 12 тилда эфирга узатилмоқда, газета ва журналлар 10 дан ортиқ тилда чоп этилмоқда.
Тадбир доирасида миллий-маданий марказлар, «Баркамол авлод» болалар маркази ўқувчилари томонидан тайёрланган амалий санъат ва ҳунармандчилик кўргазмаси намойиш этилди. Турли миллат вакиллари ижросидаги Ватан, тинчлик ва дўстликни тараннум этувчи куй-қушиқлар тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Маданият ва дўстлик фестивалини ўтказишда фаол иштирок этганларга Нукус шаҳар ҳокимининг ташаккурномалари топширилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА