Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура томонидан Мўйноқ туманида истиқомат қилаётган кам таъминланган оилалар учун “Янги йил карвони” ташкил қилинди.

Жорий йилнинг 16 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида қиш мавсумига тайёргарликда йўл қўйилган камчиликларни ҳал этиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманларига масъул этиб бириктирилган вазирлик, идоралар ва тижорат банклари раҳбарларига ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ижросини таъминлаш ҳамда жойига чиққан ҳолда, аҳоли, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиш вазифалари топширилган эди.

Давлатимиз раҳбарининг топшириқларини жойлардаги ижросини таъминлаш мақсадида Мўйноқ туманидаги овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларидаги барча хонадон бирма бир ўрганилиб, уларда 1300 га яқин муаммо аниқланди. Шундан 1000 дан зиёди жойида бартараф этилиб, қолганларини ҳал этиш бўйича чоралар ишлаб чиқилди. Мазкур муаммоларни таҳлил қилиш натижасида ҳудудда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари заҳирасини яратиш, ички бозорлардаги нархлар барқарорлигини сақлаш учун арзонлаштирилган кўчма ва доимий савдо ярмаркалари ташкил этилиб келинмоқда.

Мўйноқ туманида коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражасига салбий таъсирини юмшатиш, ижтимоий ҳимоя қилиш ва кўмакка муҳтож оилаларни моддий қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 24 декабрь куни Мўйноқ туманида моддий ёрдамга ва кўмакка муҳтож “темир дафтар”га киритилган жами 500 га яқин оиланинг байрамни юқори кайфиятда кутиб олишини таъминлаш мақсадида Бош прокуратура томонидан “Янги йил карвони” ташкил қилинди. Тадбир доирасида туманда истиқомат қилувчи меҳнатга лаёқатсиз ва сурункали касаллиги бор оила аъзолари, кекса, бева ва кам таъминланган, шунингдек қаровга муҳтож бўлган фуқаролардан ташкил топган, кўп болали, ёрдамга ва моддий қўллаб-қувватлашга муҳтож оилаларнинг ҳар бирига 600 минг сўмга яқин қийматдаги озиқ-овқат маҳсулоти беғараз етказиб берилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА