Мамлакатимизда таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларда хорижий тажриба асосида янгиликларни жорий этишга алоҳида эътбор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Россия Федерацияси Маориф вазирлиги ўртасида рус тили ва умумтаълим фанларини рус тилида ўқитишга оид меморандум имзоланган эди.

Унга кўра, А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети ва А.Авлоний номидаги Халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти лойиҳани амалга оширувчи ишчи органлари этиб белгиланганди.

Куни кеча Россия Федерацияси маориф вазирининг биринчи ўринбосари Дмитрий Глушко бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига ташриф буюрди.

Учрашувда мазкур лойиҳа, Ўзбекистонда рус тили ва умумтаълим фанларини рус тилида ўқитиш сифатини оширишга қаратилган «Зўр!» (“Класс”) лойиҳасининг дастлабки натижалари, биринчи босқичда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.

Лойиҳанинг биринчи босқичида А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университетининг 32 нафар мутахассиси А.Авлоний номидаги Халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институтининг ишчи гуруҳи кўмагида республикамизнинг 14 та ҳудудидаги таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларда тадқиқот ўтказиб, унда 4 минг нафар ўқитувчининг рус тилини хорижий тил сифатида билиш даражасини аниқлаш мақсадида тест ўтказилди.

Ўқитувчилардан 3,2 минг нафари малака ошириш дастури асосида малакасини оширган. Лойиҳа доирасида тасодифий танлов асосида  ушбу мактаблар 9 ва 11- синф ўқувчиларининг рус тилини чет тили сифатида билиш даражаси ҳам ўрганилган.

Лойиҳанинг биринчи босқичи натижалари қайси ҳудудларда ўзбек тилида дарс бериладиган мактаблардаги ўқитувчиларнинг малака оширишига кўпроқ эътибор қаратиш зарурлиги, ёш рус тили ўқитувчиларининг ўртача рус тилини билиш даражаси каттароқ ёшдаги ўқитувчиларга нисбатан анча паст эканлиги аниқланди.

Ушбу натижалар педагогика университетларида ҳам рус тили ўқитувчиларини тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишларга эътиборни янада кучайтириш муҳимлигини кўрсатмоқда.

Ўзбек тилида дарс бериладиган мактабларда рус тилини ўргатишни яхшилаш эса жойлардаги рус тилида дарс бериладиган мактабларга ота-оналар томонидан ортиб бораётган талабни камайтиришга олиб келади. Оилада ўзбек тилида гаплашадиган болаларнинг қийналиб рус тилидаги мактабда эмас, балки ўзбек тилидаги мактабда ўз она тилисида бошқа предметларни яхшироқ ўрганишига ёрдам беради.

Айтиш жоизки,А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети ва А.Авлоний номидаги Халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти ҳамкорлигида олиб борилаётган мазкур лойиҳа доирасида биринчи босқичга режалаштирилган ишлар самарали олиб борилганлиги таъқидланди ва иккинчи босқичга старт берилди.

Бугунги кунда лойиҳанинг кейинги босқичларини амалга ошириш учун 100 нафар ўқитувчи танлаб олинган бўлиб, 2021 йилнинг январь ойида 70 нафар педагог Ўзбекистоннинг турли ҳудудларига лойиҳани давом эттириш учун Россиядан етиб келиши режалаштирилган. Улар фақат ўзбек тилида дарс бериладиган мактабларга бориб, у ердаги рус тилини ўргатиш сифатини оширишга ёрдам беради.

Шунингдек, рус тилини ўргатиш методикасини ҳам ҳамкорликда қайта кўриб чиқиш режалаштирилмоқда.

Кўпроқ эътиборни грамматика ўрнига 4 та асосий кўникмани (эшитиб тушиниш, ўқиб тушиниш, гапириш, ёзиш) шакллантиришга қаратилган дастур, дарсликларни яратишга келишиб олинди.

Бундан ташқари, икки давлат таълим вазирликлари бугунги кунда Россия Федерациясида фарзандлари билан яшаб, меҳнат қилаётган муҳожирларнинг мактабга бормаётган фарзандларини Россия Федерациясидаги мактабларда таълим олиши имкониятларини ўрганиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузиш ҳақида келишиб олди. Ишчи гуруҳ томонидан дастлабки босқичда қанча мактаб ёшидаги болалар Россия ҳудудида яшаётган, аммо таълим ололмаётгани ўрганиб чиқилади, ҳамкорликда болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш чоралари кўрилади.

ЎзА