Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда мамлакатимизда карантин чоралари қайта кучайтирилишга оид турли хабарлар тарқалмоқда. Бу нечоғлик тўғри. Ўзбекистонда карантин чоралари қайта кучайтириладими?
Ушбу саволга Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими, Республика махсус комиссияси котиби Моҳир Каримов қуйидагича жавоб берди:
– Европадаги ҳамкасбларимизнинг берган маълумотларига кўра, коронавирус янги турининг аввалгисидан фарқи – тез одамга юқади ва касаллик тез ривожланяпти. Ўзбекистонда эса коронавируснинг янги тури аниқлангани йўқ.
Карантин чекловларини қўйишнинг эпидемиологик қоидалари бор. Чекловлар,жумладан, касалликнинг ўсиши, мавжуд шифохоналардаги ўринларнинг бандлиги, биздаги мавжуд салоҳиятнинг етишиш-етишмаслиги каби мезонларга қараб белгиланади.
Агарда касаллар сони кўпайиб, бунга қарши олиб борилаётган курашларда қийинчиликлар келиб чиқадиган бўлса, Вазирлар Маҳкамасидаги махсус комиссиямиз кўриб чиқади. Ҳозир мамлакатимиздаги барча эҳтиёт чоралари, ҳимоя чораларимиздан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, бу коронавирус, неча хил штаммидан қатъий назар, кўпайишига йўл қўймаслигимиз ўзимизга боғлиқ.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА