Андижон давлат тиббиёт институтига Норвегия пойтахти Осло шаҳридан хушхабар келди. Институтнинг собиқ талабаси Бекзод Тошбоев дунёнинг “Топ 100” талигига кирувчи Осло университетида офталмология йўналишида PhD диссертациясини ҳимоя қилиб, тиббиёт фанлари доктори илмий даражасини олди.

Ослода яшаб, ишлаб, илмий иш олиб бориб, ҳозирда тиббиёт фанлари доктори илмий даражасига эришган Бекзод Тошбоев ўзи эришган ютуқ ва натижалар ҳақида қуйидагиларни ёзади:

“Қуруқ кўз касаллиги ва ксеростомиянинг диагностик биомаркерлари” мавзусида уч йиллик тинимсиз меҳнат, илмий тадқиқотлардан сўнг Осло университетида PhD (тиббиёт фанлари доктори) илмий даражасига эришдим. Бу албатта, осон бўлгани йўқ. Лекин энди ҳамма қийинчиликлар ортда қолди, энг асосийси, кўзлаган мақсадимга эришдим.

Олиб борган илмий ишларимни таҳлил қилсам, илмий иш жараёнида бир минг нафардан ортиқ беморни текширувдан ўтказдим, илмий изланишлар натижаси ҳақида ёзган мақолаларим 400 дан ортди, мавзу доирасида ҳамкасбларим билан 6 мингдан кўпроқ электрон алмашувлар қилдим, фикр алмашдим. Ўттиз нафар тақризчининг танқидларига илмий жавоб бердим. Булар учун қанча вақт сарфлаганимни аниқ билмайман. Лекин қаттиқ ишладим.

Илмий ишни қандай бошлаганим ҳақида қисқача тўхталиб ўтсам, чунки жуда кўп танишларим бу ҳақда қизиқиб сўрашади. Чунки юртимизда, қолаверса, танишларим орасида ҳар жиҳатдан ривожланган Европа давлатларида ишламоқчи бўлганлар кўп.

2015 йилда Норвегияга ишлаш учун келганман. Пул топиш учун турли ишларни қилишимга тўғри келди. Ўз соҳам, касбим бўйича тажриба ошириш, офталмология соҳасида Норвегиядаги илғор иш услубларини ўрганиш фикри  ҳам ҳамиша хаёлимда бўлган. Бир куни таваккал қилиб, таниқли офталмолог-профессор олдига бориб, илмий иш қилмоқчилигимни айтдим.

Профессор мени ким эканлигим ҳақида сўраб-суриштирди, офталмология соҳасида ҳеч қандай илмий тажрибам йўқлигини эшитиб, бу қийин масала эканлигини айтди. Фикримда қатъий туриб, қайта-қайта ёрдам беришини сўраб мурожаат қилдим. Шунда у агар PhD даражаси учун илмий иш қилмоқчи бўлсам, аввал PhD дастурига қабул қилинишим кераклигини айтиб, дастурга кириш учун бўладиган рақобат ҳақида гапирди. PhD дастурига қабул қилиниш учун камида бир йил илмий изланиш қилишим ва қандайдир натижа кўрсата олишим кераклигини айтди.

Бу ишга астойдил киришдим. Инглиз тилини яхши ўрганганим менга жуда қўл келди. Кундузи университетнинг магистратура йўналишида ўқидим, бир вақтнинг ўзида халқаро талабларга жавоб берадиган илмий иш қандай қилиниш кераклигини, бу борадаги статистикани ўргандим, менга берилган ҳар қандай топшириқни сидқидилдан бажардим. Вазифаларни бажариш қийин бўлди, лекин қийналсам ҳам ортга чекинмадим. Тунда барда сотувчи бўлиб ишладим.

Сайъи-ҳаракатларим беиз кетмади, 2017 йилда дастур талабларини тўлиқ бажардим, рақобатдан ўтиб, Осло университетида PhD дастурида расман иш бошладим. Энди PhD дастурида иш олиб бориш учун бериладиган ҳақ менга бемалол етар, барда ишлашимга ҳожат қолмади.

Иккинчи вазифа шифокорлик қилиш учун лицензия олиш, шу билан бирга, Ўзбекистонда офталмолог деган мутахассисликка эга бўлсам-да, Норвегияда ушбу мутахассисликни олишим учун кўп нарсани ўрганишим, қатор синов ва имтихонлардан ўтишим керак эди. Бунинг учун энг аввало, норвег тилини ўрганишим ва тиббий билимларим ушбу давлатдаги шифокорлардан қолишмаслигини исботлашим лозим эди. Бир вақтнинг ўзида PhD дастурида ишладим, норвег тилини ўргандим, умуман, шифокор сифатида тан олинишим учун барча синовлардан ўтдим.

Мақсадга эришиш учун астойдил меҳнат қилдим. Кузатишларимдан билдимки, юқори натижаларга эришишни хоҳлайдиганлар жуда кўп, лекин меҳнат, тинимсиз ўқиш, ўрганиш, изланишга сабр қиладиганлар у қадар кўп эмас экан.

Карантин туфайли илмий иш ҳимояси ZOOM орқали ўтказилди. Шукрки, илмий ишни муваффақиятли ҳимоя қилиб, PhD (тиббиёт фанлари доктори) илмий даражасини олдим.

Одатда, ҳимоядан кейин илмий даражага эришганликни нишонлаш учун банкет уюштирилади. Мен эса ҳимояни якунлаб, банкет ўрнига соғлом турмуш тарзига амал қилган ҳолда, қолаверса, шукроналик ва юрт соғинчини аритиш учун замбиялик дўстим билан кечки Стокголм кўчаларида 21,5 километр масофага югуриб келдим.

Кўпчилик юртдошларимизга, шахсан менга ҳам авваллари, Европа ушалмас орзу бўлиб кўринарди. Лекин кўхна қитъада ўтган ҳаётим, бошимдан ўтказган кунларни сарҳисоб қилиб, ўзбек йигит-қизлари ҳам улардан асло кам эмас, астойдил интилса, ҳаракат қилса, дунёдаги исталган мамлакат ёшлари билан бемалол тенглаша олишига ишонч ҳосил қилдим”.

Шу ўринда куни кеча бўлиб ўтган Ўзбекистон ёшларининг форумида Президентимиз ёшларга қарата: “Азиз фарзандларим! Халқимиз, Ватанимиз сизлардан буюк ишлар кутаётганини ҳеч қачон ёдингиздан чиқарманг!

Юртнинг юксак ишончи ва умидини тўла оқлаш, унга муносиб бўлиш – дунёдаги энг улуғ бахтдир.

Шундай шараф, барчангизга насиб этсин!” деган сўзларини эшитиб, халқимиз, юртимизнинг ишончини оқлаб, юксак натижа ва улкан ютуқларга эришаётган Бекзод сингари ёшларимиз борлигидан қалбимиз фахрга тўлади.

Узоқ юртларда ўзбек халқи нуфузини, юрт шуҳратини, ўзбек ёшларининг юксак салоҳият соҳиби эканликларини намоён этаётган Бекзод Тошбоев сингари ёшларимиз сафи кенгаяверсин.

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА