Орамиздаги одамлар
Банк соҳаси ҳақида гап кетса, киши ҳаёлига пул, ҳисоб рақамда сақланаётган қимматли қоғоз ва омонатлар келади. Ходимларининг иши эса пул санашдан иборат, деб тушунилади.
Банкнинг асосий мақсади пул ва қимматли қоғозларни сақлаш, кредит бериш, бир сўз билан айтганда, юрт тараққиёти, иқтисодиёт ривожига кўмаклашувчи, халқ манфаати учун хизмат қилувчи тузилмадир.
Зулайҳо Жўраева 40 йилга яқин банк соҳасининг турли лавозимларида ишлади. Соҳанинг озми-кўпми оғир-енгилини кўрди. Айни пайтда АТБ «Қишлоқ қурилиш банк» қишлоқ қурилишини кредитлаш департаменти бошлиғи лавозимида фаолият юритмоқда.
– Банк соҳаси қизиқ соҳа, – дейди З.Жўраева. – Кирдингми, чиқиб кета олмайсан. Бу соҳада ишлашни ёшлигимдан астойдил хоҳлаганман. Орзуларим ушалгач, соҳада малакамни оширишга киришдим. Мана бугун банк ҳаётимнинг ажралмас бир бўлагига айланган. Касбимга қанчалик меҳрим баланд бўлса, иш жойимни ҳам шунчалар яхши кўраман. Менда ҳеч қачон жамоани ташлаб кетиб, бошқа банкка ишга ўтиш фикри бўлмаган. Ёш эдим, ойлик кам эди, бошқа соҳалардан кўп таклифлар бўларди. Аммо ишимни ўзгартиришни, бошқа ишда ишлашни тасаввур ҳам қилмаганман. Банкимиз тугатилиб, янгидан ташкил этилгандан сўнг бошқа ишга ўтганман.
З.Жўраева 1959 йил Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги Қорасув қишлоғида таваллуд топган. 1982 йил Тошкент политехника институтини, 2002 йилда Тошкент молия институтини тамомлаган. Соҳадаги илк фаолиятини 1982 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат банкининг капитал қурилиш ва материал-техник таъминлаш бошқармасида инженер лавозимидан бошлаган. Турли йилларда РАТБ “Fаллабанк» Юнусобод филиалининг кредит-режа бўлими бошлиғи, шу филиал бошқарувчиси, Тошкент вилоят минтақавий филиали бошқарувчи ўринбосари, Тошкент шаҳар минтақавий филиали бошқарувчи ўринбосари – Кредит амалиёти бўлими бошлиғи, ОАТБ «Қишлоқ қурилиш банк» кўчмас мулк ва капитал қурилиш бошқармаси бошлиғи, қишлоқ қурилишини кредитлаш департаменти бошлиғи каби лавозимларда ишлаган. Соҳадаги ҳалол ва садоқатли меҳнати учун 2017 йил «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.
– Оиласи қўлламаган аёл жамиятда бахтли бўла олмайди, ўз ўрнини тополмайди, –дейди З.Жўраева. – Турмуш ўртоғим зиёли оилада туғилгани, ўзи ҳам ўқимишли бўлгани учун ҳам ишлаб, ҳам фарзанд тарбияси билан машғул бўлишимга кўнган. Мени ҳар қадамда қўллаб, руҳлантириб турган. Ютуқларимдан мен билан бирга қувонарди. Турмуш ўртоғим бахтсиз ҳодиса туфайли оламдан ўтди. Ўрни билинади, албатта. Аммо тақдир экан. Уч қизим бугун турли соҳаларда, икки нафари шифокор, яна бири эса банк соҳасида ишлайди.
Дилобар Маматова, ЎзА