Давлатимиз раҳбари жорий йил 11 декабрь куни Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди билан видеоанжуман шаклида учрашув ўтказди.

26 декабрь – Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган кун

Учрашув кун тартибидан сиёсий мулоқотни янада кенгайтириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник, таълим, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари ўрин олди.

Олий даражадаги мунтазам мулоқот ва амалий саъй-ҳаракат кейинги йилларда кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш, шерикликни аниқ амалий мазмун билан бойитиш учун қулай шарт-шароит яратмоқда.

Бугунги кунда Ҳиндистон иқтисодиёти жадал ривожланаётган давлатлардан бири сифатида ўзининг жаҳондаги ўрнини тобора глобал масштабда мустаҳкамламоқда. Ушбу мамлакат, айниқса, юқори технологиялар, инновация, саноат, дастурлаш, соғлиқни сақлаш, хизмат кўрсатиш соҳаларида илғор давлат сифатида тавсифланади.

Шу билан бирга Ҳиндистон саноати ривожланган мамлакатлардан бири сифатида ҳам минтақада салмоқли ўрин эгаллайди. Ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича дунёда олтинчи ўринда туради. Ислоҳотлар даврида юқори технологиялар, инновация, дастурлаш, соғлиқни сақлаш, хизмат кўрсатиш соҳалари ривожига катта эътибор қаратаётган мамлакатимиз учун Ҳиндистон тажрибаси жуда муҳим бўлиши мумкин.

26 декабрда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида дипломатик муносабатлар йўлга қўйилганига 29 йил тўлади. Мустақилликнинг дастлабки йилларида мамлакатларимиз ўртасидаги муносабат жадал ривожланган эди. Бу икки давлат ва жамият манфаатларига мос, уйғун интилиш даври бўлган. 1997 йилдан бери икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида вазир ўринбосарлари даражасида доимий сиёсий маслаҳатлашув йўлга қўйилган. Шу пайтга қадар 11 марта олий даражадаги ташриф амалга оширилган.

Мамлакатларимиз ўртасида жами 108 та икки томонлама ҳужжат амалда.

Энг муҳим ҳужжатлардан бири, шубҳасиз, 2011 йилда имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма баёнотдир.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон раҳбарлигига келгандан кейин икки давлат савдо-иқтисодий ва дипломатик муносабатлари янада юқори ривожланиш суръатини олди. Президентимиз 2018 йил 9 июнда Хитойда Нарендра Моди билан ШҲТ доирасидаги тадбирда учрашди. Шу йилнинг 30 сентябрь – 1 октябрь кунлари Ҳиндистонга биринчи ташрифини амалга оширди. Мазкур давлат ташрифи чоғида умумий ҳажми 3,2 миллиард долларлик 20 дан ортиқ шартнома ва битим имзоланди.

Масалан, 2017 йил Ҳиндистонга 32,5 миллион долларлик дуккакли маҳсулот, бальзам, хом ипак, ўғит ва ишқорли металл экспорт, 191 миллион долларлик дори воситаси, тиббиёт ускунаси, қора металл, автомобиль эҳтиёт қисми импорт қилинган эди. Шу йили мамлакатимизда 145 ўзбек-ҳинд қўшма корхонаси фаолият кўрсатган бўлиб, шундан 21 фоизи тўлиқ ҳинд капитали асосида ишлаган. Деҳлида ўзбек-ҳинд савдо уйи очилган.

Ўтган қисқа даврда савдо-иқтисодий алоқалар кўлами сезиларли даражада кенгайди. Хусусан, 2019 йил ўзаро маҳсулот айирбошлаш ҳажми 359 миллион долларга етиб, 2018 йилга нисбатан 25 фоиз ўсишга эришилди. Шундан экспорт 28 миллион доллар (12 фоиз ўсиш), импорт эса 330,5 миллион доллар (26,5 фоиз ўсиш)ни ташкил қилди. 2020 йил январь-декабрь ойларида пандемия сабабли Ўзбекистон экспорти ҳажми бироз пасайган бўлса-да, ҳинд товарлари импортида барқарор ўсиш кузатилди. Ўзаро савдо ҳажми ҳам ортиб бормоқда. Глобал инқироз юзага келтирган мураккаб бозор конъюнктураси шароитига қарамай, йил бошидан товар айирбошлаш етти фоизга кўпайди.

Мамлакатларимиз яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказишни мақсад қилишган. Бунинг учун ўзаро савдо ҳажми ортишига қулай шароит яратиш, техник тўсиқ, чекловларни бартараф этиш борасидаги ҳамкорлик жараёни такомиллаштирилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳинд капитали иштирокида 285 корхона фаолият кўрсатмоқда. Айни кўрсаткич бўйича 2017-2020 йилларда 2,5 баравар ўсиш кузатилди.

2018-2019 йиллари Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг «Амити», «Шарда» университетлари филиаллари ташкил этилди. 2019 йил 24 июлда Тошкент шаҳрида АКТ ва дастурий маҳсулотлар технологик парки ташкил килинди.

Бугунги кунда икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор соҳалари фармацевтика, соғлиқни сақлаш, туризм, ахборот-коммуникация технологиялари, қишлоқ хўжалиги, минерал ресурслар қазиб олиш, уй-жой қурилиши ҳисобланади.

Ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкам ва мақсадлидир.

Неъмат ХОЛМАТОВ,
иқтисод фанлари номзоди.

ЎзА