Бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Зеро, бугунги Ўзбекистон ёшлари халқимизнинг бой маънавий-маърифий меросини, зукколиги, меҳнатсеварлик, ватанпарварлик каби эзгу анъаналарини ўзида мужассам этган ҳолда, жамиятимизда муносиб ўрин эгалламоқда. Бу жиҳатлар ёшларимизнинг изланувчанлиги, билим эгаллашга бўлган иштиёқи, яратувчанлик хислати, ислоҳотларимизга дахлдорлик туйғуси мустаҳкамлигида намоён бўлади. Шу боис юртимиз ёшларига яратилган шароитлар, кенг кўламли имкониятларга, улар эришаётган муваффақиятларга кўпчилик, хусусан, дунё ёшлари ҳавас билан қарамоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан ислоҳ этиш мақсадида жорий йилнинг 25 декабр куни муҳташам «Humo Arena» муз саройида биринчи бор Ӯзбекистон ёшлар форуми бӯлиб ӯтди.

Мазкур тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, иқтидорли ёшлар қатнашди.

Шуни таъкидлаш жоизки, кейинги йилдан олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёш учун Президент гранти жорий этилади. Агар мавжуд Президент стипендияси фақат бир ўқув йили учун мўлжалланган бўлса, ушбу грант маблағлари тўрт йил давомида тўлаб борилади. Шунингдек, келгуси ўқув йилидан бошлаб республикадаги хорижий олий ўқув юртларининг бакалавриат босқичи талабалари учун ҳам Президент ва давлат стипендиялари жорий этилади. Чунки бундай таълим масканларида ўқиётган ёшлар ҳам ўзимизнинг фарзандларимиз. Улар эртага юртимиз тараққиёти учун хизмат қилади. Шундай экан, уларга ғамхўрлик қилиб, истеъдодини рағбатлантирсак, ўйлайманки, адолатдан бўлади. Илм йўлини танлаган иқтидорли ёшларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида кейинги йилдан бошлаб магистратура ва докторантура босқичлари учун Президент стипендияси квотаси икки баробарга оширилади. «Ишончим комилки, бундай имконият ва имтиёзларга аввало янги Ренессанс пойдеворининг бунёдкорлари сазовор бўлади», – дея таъкидлади Давлатимиз раҳбари.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўз нутқида ёшларни қийнаётган муаммолар ечимига оид режалар баён қилинди, вазифалар белгиланди.

  • Икки ва ундан ортиқ фарзанди олий ўқув юртида шартнома асосида ўқиётган оилаларга имтиёзли таълим кредити бериш йўлга қўйилади. Бу кредитларни ёшлар ОТМни битириб, ишлашни бошлаганларидан кейин узиши мумкин бўлади.
  • 2021 йилдан ОТМларга кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёш учун Президент гранти жорий этилади. Ҳозирги Президент стипендияси фақат бир ўқув йили учун мўлжалланган бўлса, ушбу грант маблағлари тўрт йил давомида тўлаб борилади.
  • Шунингдек, IELTS, TOEFL, GMAT ва SAT каби имтиҳонларда максимал баллнинг камида 75 фоизини тўплаган ёшларнинг имтиҳон харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.
  • Ҳукуматга ёш кадрлар учун белгиланган синов муддати даврида иш берувчиларга имтиёзлар тақдим этиш масаласини кўриб чиқиш вазифаси топширилди.
  • Ёшларнинг лойиҳаларини молиялаштириш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошида алоҳида жамғарма ташкил этилади ва унга 100 миллион доллар маблағ ажратилади.
  • Жамғарма ёшларнинг лойиҳаларини қулай шартларда ва паст фоизларда молиялаштиради. Бундан ташқари, кичик саноат зоналарида ишлаб чиқариш бинолари қурилиб, ёшларга имтиёзли шартларда ижара ва лизинг асосида берилади.
  • Касб-ҳунар ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш орқали махсус сертификат олган ёшларга Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоиз паст ставкада микрокредитлар ажратилади. Бу кредитлар 7 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан берилади. Бу мақсадлар учун 2021 йилда                     45 миллион доллар ажратилади.
  • Тошкент шаҳрида замонавий муҳташам кутубхона барпо этилади ва бу маърифат саройи илм-фаннинг сўнгги ютуқлари асосида жиҳозланади.
  • Мактаб ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабалари ўртасида «Бўлажак олим» танловини ташкил қилиш орқали ёшларнинг энг яхши инновацион ҳамда стартап лойиҳаларига 50 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

Президентимиз маърузадан сўнг давлат раҳбари ёшлар билан бевосита мулоқот қилди. Таъкидлаш ӯринлики, форум Республикамиз ёшларини бир мақсад йўлида жипслаштирди. Ёшлар билан очиқ мулоқот шаклида ташкил этилган учрашувда Давлатимиз раҳбари ҳар бир вилоят ва шаҳардан келиб, форумга қатнашаётган ўқувчилар фикри билан танишди.

Хулоса қилиб айтганда, юқори натижаларга эришиш учун бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, кўзлаган маррамизга етамиз.

 

Мухтор ИБРАГИМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари

қўмитаси аъзоси

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги