Шу кунларда юртимизда Россия Федерацияси Маориф вазирининг биринчи ўринбосари Дмитрий Глушко бошчилигидаги делегация меҳмон бўлиб турибди.
25 декабрь куни Республика Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов мазкур делегация аъзолари билан учрашди.
Ўзбекистон билан Россия федерацияси ўртасида турли соҳаларда йўлга қўйилган ҳамкорлик кейинги йилларда янги босқичга кўтарилди. Жумладан, малакали кадрлар тайёрлаш, илм-фанни ривожлантириш бўйича шериклик ҳам тобора кенгаймоқда.
2019 йил 1 мартда Ўзбекистон Республикасида Россия Федерацияси олий таълим ташкилотлари филиалларини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш тўғрисида ҳукуматлараро битим кучга кирганди. Орадан икки ойча ўтиб, ҳамкорликнинг янги платформаси – иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Россия ҳукуматлараро Қўшма комиссияси йиғилишида таълим, малака ва илмий даражаларга оид ҳужжатларни ўзаро тан олиш тўғрисида битим имзоланди. Бугунги кунга қадар мазкур комиссия қошида фаолият кўрсатаётган фан ва таълим бўйича кичик комиссиянинг икки йиғилиши ўтказилиб, давлатлараро олий таълим соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш билан боғлиқ муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Ҳамкорлик 2020 йилда ҳам изчил давом эттирилди. Пандемия туфайли 27 май куни Россия ва Ўзбекистон университетлари ректорларининг минтақалараро конференцияси онлайн шаклда ташкил этилди. Мазкур анжуман Ўзбекистон ва Россия Президентлари саммитининг 2020 йилга мўлжалланган дастурига киритилган иккинчи ўзбек-рус таълим форумини тайёрлашда муҳим босқич бўлиб хизмат қилди.
Сўнгги уч йил ичида олиб борилган музокаралар натижасида юртимизда фундаментал йўналишларда малакали мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган Россия Федерациясидаги нуфузли университетларнинг 8 филиали ташкил этилди. Шу тариқа Ўзбекистонда фаолият юритаётган Россия олий ўқув юртлари филиаллари сони 11 тага етди. 2020-2021 ўқув йилида мазкур филиалларга 2180 нафар иқтидорли ёш қабул қилинди.
Республикамиздаги 34 олий таълим муассасасида Россиянинг 48 олий ўқув юрти билан биргаликда қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрланмоқда. Биргина жорий ўқув йилида РФ нуфузли олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурларига бакалавриат бўйича 4100, магистратура йўналишида 450 нафар талаба қабул қилинди.
Айниқса, ўтган икки йил мобайнида Ўзбекистон ва Россия олий таълим муассасалари ҳамкорлиги кўлами сезиларли даражада кенгайди. 2018 йилгача икки мамлакатнинг 70 га яқин ОТМ ўзаро ҳамкорлик қилган бўлса, 2020 йилда айни кўрсаткич 115 дан ошди. 2018 йили ҳамкорликка оид 128 битим ва 46 йўл харитаси тасдиқланган бўлса, 2020 йилда 242 битим имзоланиб, 63 йўл харитаси амалга оширилмоқда.
Ҳозир Россия олий таълим муассасаларида 30 264 ўзбекистонлик таҳсил оляпти. Ҳар йили 200 нафардан ортиқ иқтидорли ёш Россия Федерацияси федерал бюджети гранти асосида ўқиш учун Россия университетларига юборилмоқда.
Россия ва Ўзбекистон илмий соҳада ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келади. Бунинг натижаси сифатида халқаро илмий-техник ахборот базасида индексланган, биргаликда тайёрланган илмий мақолаларни кўрсатиш мумкин. 2016 йил бундай нашрлар сони 85 та эди, 2019 йилда бу рақам 140 дан ортиқни ташкил этмоқда.
Икки мамлакат профессор-ўқитувчилари томонидан биргаликда олиб борилаётган илмий ҳамкорликнинг асосий йўналишлари сифатида физика, кимё, материалшунослик, спектроскопия, астрономия ва астрофизика каби фанларни кўрсатиш мумкин.
Бу галги учрашувда ҳам соҳани шерикликда тараққий эттириш мамлакатларимиз учун бирдек манфаатли экани айтилди. Ўзбекистон ёшларини профессионал касбга тайёрлаш, улар малакасини оширишда биргаликда иш олиб бориш масаласи анчайин долзарблиги қайд этилди.
Мулоқот давомида профессионал таълим соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга келишилди.
Музокара якунида Ўзбекистон ва Россия ўртасида олий ва профессионал таълим тизимида малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган стратегик аҳамиятга молик ҳужжатлар имзоланди.
Жумладан, вазирлик ҳузуридаги Педагогик инновациялар, касб-ҳунар таълими бошқаруви ҳамда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти, Россия Федерациясининг Касб-ҳунар таълимини ривожлантириш институти ҳамда Илғор касбий тайёргарлик маркази ўртасида битим кучга кирди.
Бундан буён россиялик ҳамкорлар билан профессионал таълим тизими учун ўқув-меъёрий ҳужжатларни такомиллаштириш, иш берувчи талабига мувофиқ кадр тайёрлашни йўлга қўйиш ва “worldskills” стандартини юртимиз касб-ҳунар таълими тизимига жорий этишда яқиндан ҳамкорлик қилинади.
Саидмурод РАҲИМОВ,
ЎзА мухбири