Президентимиз ташаббуси билан 2016 йил сентябрь ойида “Навоийазот” акциядорлик жамиятида қурилиши бошланган “Аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш” мажмуасида барча ишлар якунланиб, 2020 йил 23 декабрь куни илк карбамид маҳсулоти олинди. Бу ҳақда “Ўзкимёсаноат” АЖ матбуот хизмати маълум қилди.

Лойиҳа қиймати 985,7 млн. долларга тенг бўлиб, молиялаштириш 577 млн. доллар миқдоридаги Япониянинг банклари ва молиявий институтлари кредитлари, 320 млн. доллар Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредити ва 88,7 млн. доллар корхонанинг ўз маблағи ҳисобидан амалга оширилди.

Мажмуа Япониянинг “Mitsubishi Heavy Industries Ltd” ва “Mitsubishi Corporation”компаниялари консорциуми билан ҳамкорликда амалга оширилди. Ишлаб чиқариш технологияларини Даниянинг “Haldor Topsoe”, Италиянинг “Saipem” компанияси ҳамда карбамид грануляциясини Германиянинг “Uhde” компаниялари етказиб берди. Асосий технологик ускуналар Япония ва Европадан келтирилди.

Лойиҳани ишга тушириш ва созлаш ишлари жорий йилнинг октябрь ойида бошланган бўлишига қарамай, 53 кунда тайёр маҳсулот олишга эришилди. Бу “Mitsubishi Heavy Industries Ltd”ва “Mitsubishi Corporation” компаниялари тарихидаги рекорд кўрсаткич бўлганлигини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш комплексининг технологик босқичларида қўлланилган ноёб инновацион ва замонавий технологиялар экологик ва энергетик самарадорлигига кўра дунёдаги энг сўнгги технологиялар ҳисобланади.

Мажмуада 660 минг тонна аммиак ва 577,5 минг тонна карбамид ишлаб чиқарилади. Аммиакнинг 330 минг тоннаси янги карбамид ишлаб чиқаришга ва 330 минг тоннаси мавжуд аммиакли селитра ишлаб чиқаришга йўналтирилади. Лойиҳа тўлиқ қувватга чиққанда 1 триллион 428 млрд. сўмлик товар маҳсулот ишлаб чиқарилади ва кимё тармоғининг 9,5 фоизга ўсишга олиб келади. Бюджетга йиллик 600 млрд. сўм миқдоридаги тушумларини таъминлайди ҳамда 58 млн. долларлик қўшимча маҳсулот экспорт қилинади.

Лойиҳани амалга ошириш натижасида 1964 йилда қурилган, маънавий жиҳатдан эскирган, энергия сарфи юқори бўлган “Навоийазот” АЖ 1- ва 2- аммиак ишлаб чиқариш цехлари фойдаланишдан чиқарилади.

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигининг карбамидга бўлган эҳтиёжи энди тўлиқ қопланади. Хусусан, ғалла ва пахта ҳосилини агротехник муддатларида гектарига қўшимча 100-150 килограммгача ўз вақтида карбамид минерал ўғити билан озиқлантириш имконини беради. Бундан ташқари, Марказий Осиё давлатлари, Афғонистон, Туркия, Украина ва Грузияга ҳам маҳсулот экспорт қилиниши режалаштирилган.

ЎзА