ФИФА пандемия сабаб 2 та жаҳон чемпионатини кейинроққа кўчиришга қарор қилди.
Reuters ахборот агентлиги тарқатган хабарга қараганда, 2021 йилнинг 20 майидан 12 июнига қадар Индонезияда ўтказилиш керак бўлган U-20 жаҳон чемпионати 2023 йилга қолдирилди. Бундан ташқари, Перу мезбонлигида ўтиши керак бўлган U-17 жаҳон чемпионати ҳам 2023 йилда ўтказиладиган бўлди.
Биз учун аҳамиятлиси, Ўзбекистон жорий йилнинг 14-31 октябрь кунлари U-19 футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатига мезбонлик қилиши керак эди. Аммо пандемия сабаб мусобақа 2021 йил бошига кўчирилди. Ушбу мусобақада ярим финалга етиб борган 4 та терма жамоа 2021 йилда Индонезияда ўтказиладиган жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритар эди. Аммо ФИФА Индонезиядаги жаҳон чемпионатини 2023 йилга қолдирди. Демак, ўз-ўзидан маълум бўладики, катта эҳтимол билан Ўзбекистондаги U-19 Осиё чемпионати ҳам ўтказилмайди.
Тез орада ОФК бу борада расмий маълумот бериши кутилмоқда.
ЎзА