Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигида муваффақиятга эришган тадбиркорлар ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтди.
Президентимиз раислигида жорий йил 8 октябрда жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилган мулоқотда мутасадди ташкилот вакиллари, Тошкент шаҳар касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бошқармаси, “A`LO OMAD RIVOJI” МЧЖ ходимлари, тадбиркорлар, ҳунармандлар, талаба-ёшлар иштирок этди.
Маълумки, жорий йилда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда “Ҳунарманд” уюшмаси ўртасида ҳамкорлик бўйича имзоланган қўшма чора-тадбирлар дастурига асосан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 2 тадан туман (шаҳар) белгилаб олинган, танланган ҳудудларда наъмунавий тарзда ёшлар билан ишлаш, уларнинг қизиқишларини рўёбга чиқариш мақсадида ўз меҳнати, иродаси билан катта ютуқларга эришган тадбиркорлар ҳамда ҳунармандлар билан учрашувлар ташкил этиш режалаштирилган эди.
Мазкур учрашувда тажрибали тадбиркор ва ҳунармандлар томонидан ёшлар ва хотин-қизларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга тайёрлашни тизимли йўлга қўйиш, уларни тадбиркорлик ва ҳунармандчиликка фаол жалб қилиш, муносиб иш топишига кўмаклашиш борасида иштирокчи ёшлар учун мастер класслар ўтаб берилди.
Юқори натижаларга эришган тадбиркорлик субъектлари ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган ёшлар рўйхати шакллантирилиб, уларнинг “Муваффақиятга эришиш сирлари” лойиҳаси доирасида ёшлар ва хотин-қизларга кучли мотивация бериш тизими йўлга қўйилди.
Учрашувда ёшларнинг тадбиркорликка оид саволларига атрофлича жавоб берилди.
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА