Президентимизнинг 2018 йил 25 январдаги “Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишдаги ишларнинг тезкорлиги, сифат ва самарадорлигини янада ошириш, кадрлар салоҳиятини юксалтириш, илм-фан янгиликларини тиббиёт амалиётига кенг татбиқ этишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Ислоҳотлар самараси ўлароқ, мамлакатимизда “тез ёрдам” хизмати ва тиббиётнинг бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ўртасида интеграцияни кучайтириш ва мувофиқлаштириш ҳам доимий эътиборда. Сўнгги йилларда бир қатор қишлоқ оилавий поликлиникаларида “тез ёрдам” шохобчалари очилди.
Жойлашуви бўйича 1500 га яқин бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида “тез ёрдам” машиналарининг мавжудлиги ҳам фикримизнинг далилидир.
Бугунги кунда юртимиз бўйлаб фаолият юритаётган сайёр бригадаларнинг сони 2748 тани ташкил қилмоқда.
— Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида тез тиббий ёрдам хизматининг шифокорлар билан таъминланганлик даражаси республика бўйича ўртача 89 фоизга кўтарилди, — дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Дониёр Алимов. — Жумладан, Самарқанд ва Наманган вилоятларида бу кўрсаткич 90 фоиздан ошган. Хизматнинг ўрта тиббиёт ходимлари билан таъминланганлик даражаси эса республика бўйича ўртача 97 фоизга етди. Шундан 11 та ҳудудда ушбу кўрсаткич 100 фоизни ташкил қилмоқда.
Қувонарлиси, “103” хизматида фаолият юритаётган 13 минг нафарга яқин шифокорларнинг 4342 нафари юқори малака тоифасига эга, 2156 нафари 10–20 йиллик, 2006 нафари эса 20 йилдан ортиқ стажга эга.
Мамлакатимиз тез тиббий ёрдам хизмати тизимида 28 минг нафарга яқин ўрта тиббиёт ходимлари ишлаётган бўлса, уларнинг 38,7 фоизи малака тоифасига эга.
Қолаверса, уларнинг 5984 нафари 5–10 йиллик, 5845 нафари 10–20 йиллик ҳамда 4383 нафари 20 йилдан ортиқ иш тажрибасига эга.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими