Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси йиғилишида Консуллик уставининг ижроси юзасидан амалга оширилган назорат-таҳлил якунлари муҳокама қилинди.
Амалдаги Консуллик устави 2019 йил 17 январда янги таҳририда қабул қилинган бўлиб, у ҳозирги кунда мамлакатимизда шаклланган амалиёт, хорижий тажриба ва халқаро ҳуқуқ нормаларини инобатга олган ҳолда такомиллаштирилди.
Ҳужжат консуллик фаолияти, консуллик мансабдор шахслари ўз вақтида ҳар томонлама консуллик-ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиш орқали чет элда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича функцияларининг ҳуқуқий ва ташкилий асосларини белгилайди.
Хорижий мамлакатлар билан икки томонлама ва кўп томонлама муносабатларни янада ривожлантириш ва юқори босқичга кўтариш мамлакатимиз учун нафақат амалий, балки стратегик аҳамият касб этади. Ушбу жараёнда ташқи сиёсат билан шуғулланувчи ташкилот ва идоралар, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи консуллик муассасалари муҳим роль ўйнайди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги масъул ходими сўзга чиқиб, “Ўзбекистон Республикаси Консуллик устави тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишларнинг умумий аҳволи тўғрисида ахборот берди.
Айниқса, ҳозирги пандемия шароитида консуллик муассасалари томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар, соҳага оид қонуности ҳужжатларнинг ўз вақтида қабул қилиниши юзасидан олиб борилган мониторинг ишлари, истиқболли режалар ҳақида маълумот тақдим этилди.
Таъкидлаш жоизки, Консуллик устави қабул қилинганидан бундан салкам 2 йил давомида ушбу муҳим ҳужжатни ҳаётга татбиқ этиш бўйича муайян ишлар амалга оширилган. Жумладан, 2019 йилда Россия Федерациясининг Ростов-Дон ва Хитой Халқ Республикасининг Гуанджоу шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Бош консулхоналари таъсис этилган. 2020 йил 1 январдан хозирги кунга кадар Ташқи ишлар вазирлигига 6 минг 500 дан ортиқ келиб тушган мурожаат кўриб чиқилиб, тушунтиришлар берилган ва тегишли амалий ёрдам кўрсатилган.
Ўз навбатида, ушбу давр мобайнида фуқаролар томонидан вазирликнинг “Call-center”га 18 мингдан ортиқ телефон мурожаатлари келиб тушган бўлиб, мавжуд масалалар бўйича ҳам уларга тегишли маълумотлар берилган ва амалий ёрдам кўрсатилган.
Жумладан, хорижда шахсини тасдиқловчи ҳужжатини йўқотган ва моддий жиҳатдан қийин аҳволда қолган Ўзбекистон фуқароларини республикага қайтариш, йўл-транспорт ҳодисалари, меҳнат фаолиятини олиб бориши жараёнида турли хил бахтсиз ҳодиса оқибатида жабр кўрган фуқароларни даволаш ҳамда уларга товон пули ундирилишида амалий ёрдам кўрсатиш, фуқароларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари ҳолисона ва адолатли кўриб чиқилишини назорат қилиш, шунингдек, вафот этган фуқаролар жасадларини Ўзбекистонга олиб келиш бўйича тегишли ишлар амалга оширилиб келинмокда.
Ўзбекистон Республикаси жисмоний ва юридик шахсларининг чет мамлакат ҳудудида ҳуқуқини ҳимоялаш ва эркинлигини таъминлаш юзасидан ваколатхоналарга кўриб чиқиш учун юборилаётган ҳар бир мурожаат ушбу муассаса омонидан назоратга олиниб, ижроси таъминлаб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхона ва консуллик муассасалари ёрдамида коронавирус пандемияси даврида 2020 йил октябрь ойи якунига кўра 379 минг 265 нафар Ўзбекистон фуқароси Ватанга қайтарилган. Улардан 221 минг 880 нафар чартер рейслар орқали, 37 минг 416 нафари темир йўллар орқали ва 119 минг 969 нафар фуқаро давлат чегара назорат ўтиш пункти орқали Ўзбекистонга қайтарилган.
Жумладан, хорижий давлатларда яшаш учун маблағларсиз ва оғир аҳволда қолган 60 мингдан зиёд фуқароларга моддий ёрдам, озиқ-овқат махсулотлари, меҳмонхоналарга вақтинчалик жойлаш ва нақд пул тақдим этиш шаклида моддий ёрдам кўрсатилган. Хусусан, Россия Федерацияси ҳудудида 8 минг 289 нафар фуқарога 804 минг 110 доллар миқдоридаги бир марталик моддий ёрдам пули ажратилган.
Коронавирус пандемияси даврида хорижий давлатлар томонидан 19 миллион доллар миқдорида беғараз тақдим этилган инсонпарварлик юкларини Ўзбекистонга транспортировка қилиш ҳамда вазирлик ва идоралар ўртасида тақсимлаш ташкиллаштирилган.
Шу билан бирга, йиғилиш давомида Консуллик уставига белгиланган ижобий ишлар билан бир қаторда, ечимини кутаётган айрим масалалар мавжудлиги ҳам алоҳида таъкидланди.
Жумладан, Ташқи ишлар вазирлиги томонидан “Консуллик ҳаракатларини бажариш билан боғлиқ ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундириш ва келиб тушган пул маблағларидан фойдаланиш ҳамда консуллик йиғимлари тарифини АҚШ доллари курсига нисбатан қайта ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилганлигига қарамай амалиётга ҳалигача татбиқ этилмагани танқид қилинди.
Бундан ташқари, Россия ва бошка мамлакатларда юртимизнинг меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам бериш бўйича онлайн платформа ва “call-марказ” ташкил этиш, бунинг учун ушбу марказларни тузишда иштирок этадиган компаниялар билан музокаралар ўтказиш ҳамда тижорат таклифларини ўрганиш ишларини жадаллаштириш зарур.
Йиғилиш якунида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА