Давлатимиз раҳбарининг ҳар янги йил бошланишидан олдин Олий Мажлис аъзоларига Мурожаатнома йўллаши анъанага айланди. Айнан Олий Мажлисга Мурожаат йўлланиши ҳам ўзига хос аҳамиятга эга. Чунки парламент бу – халқ вакилларидир. Бу эса, ўз навбатида, парламент орқали халққа қилинган мурожаат бўлиб ҳисобланади.
2020 йил 24 январдаги Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган вазифалар, Конституция ва қонунларда белгиланган ваколатлардан келиб чиқиб, парламент юқори палатаси томонидан қатор ишлар амалга оширилди.
Ушбу вазифаларни амалга ошириш механизми, Сенат фаолияти, чиқарилаётган қонунларнинг жойлардаги ижроси, янги тузилмаларнинг мақсад ва вазифалари, самарали парламент назоратини ўрнатиш бўйича қилинаётган ишлар хусусида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила НОРБОЕВА ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:
– Пандемия бир аср давомида инсоният кўрмаган ноҳарбий фалокат бўлди. Аввал ҳеч қачон миллиардлаб одамлар уйларида бекинган, чегаралар ёпилган ва иқтисодиёт қотиб қолган ҳолатни тарих қайд этмаган. Биз яна бир бор инсоният нақадар заифлиги исботини кўрдик.
Шундай бўлсада, тўғри танланган йўл ва чоралар қийинчиликни мардонавор енгишга замин яратди. Бу борада Сенат ҳам ўз йўналишида аниқ стратегия ва мақсад асосида иш юритди.
Давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар уларнинг жадал суръатлари, қонуний асосларини тезкор шакллантириш ва ривожлантиришни тақозо этади. Шу мақсадда аввал Сенат фаолиятида кузатилмаган ҳолат – пандемия шароитига қарамай деярли ҳар ой, йил бошидан бери 10 та ялпи мажлис ўтказилди. Ушбу мажслисларда 60 га яқин қонун кўриб чиқилди.
Қонунлар ҳудудлар манфаатларига мослиги даражаси танқидий-таҳлилий кўрила бошланди. Бунинг учун маҳаллий Кенгашлар, олимлар, экспертлар, тажрибали амалиётчилар ва жамоатчилик вакилларининг фикрларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди. Айни шундай ёндашув асосида шу йилнинг ўзида 6 та қонун рад этилди.
Фаолиятимизда янги амалиёт йўлга қўйилди. Амалдаги 30 га яқин қонун тизимли таҳлил қилиниб, қонуности ҳужжатлари билан ўзаро номувофиқликларни бартараф этиш, эски ва бугунги кун талабларига жавоб бермайдиган нормаларни янгилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди ва Ҳукуматга юборилди.
Парламент назоратини амалга ошириш – бу Сенатнинг асосий фаолиятларидан биридир. Бу мақсадда бир қатор вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари, ҳокимлар ҳамда сектор раҳбарларининг ҳисобот ва ахборотлари эшитилди.
Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчилари ҳисоботини эшитиш амалиёти йўлга қўйилиб, 10 та мамлакатдаги элчилар ҳисоботлари эшитилди. Бундан ташқари, ҳар чоракда Давлат дастури ҳамда Давлат бюджети ижросининг бориши тўғрисида Ҳукумат ҳисоботи эшитиб борилмоқда.
Йил давомида парламент сўрови институти фаол қўлланила бошланди. Ҳукумат аъзолари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 13 та парламент сўрови юборилди. Бундан ташқари, сенаторлар томонидан жойлардаги долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар, аҳолини ташвишга солаётган муаммолар юзасидан мутасадди вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарларига 400 га яқин сўров юборилди.
Парламент назорати тадбирларига қайси масалалар асос бўлмоқда, деб сўралса, албатта, ОАВда, шу жумладан, ижтимоий тармоқларда, журналистлар, блогерлар, фуқаролар кўтараётган долзарб масалалар, деб айтишимиз мумкин.
Масалан, бевосита фуқаролар мурожаатлари асосида “Сардоба” сув омборида юз берган техноген ҳолат оқибатларини бартараф этиш борасидаги ишлар ҳолати бевосита жойига чиқиб ўрганилди ва натижалари Сенат Кенгашининг Сирдарёда ўтказилган сайёр мажлисида Ҳукумат аъзолари иштирокида муҳокама қилиниб, кўпгина масалалар ҳал этилди.
Бундан ташқари, фуқаролар, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кўп сонли мурожаатлари асосида куз-қиш мавсумида аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ва тадбиркорлик субъектларини газ, электр энергияси ва кўмир билан таъминлашдаги мавжуд муаммолар Сенат Кенгашида танқидий кўриб чиқилди. Мазкур соҳага алоқадор барча мутасадди вазирлик, идора ва тузилмалар раҳбарларидан аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётган узилишлар юзасидан тўғридан-тўғри изоҳ сўралди, тегишли чоралар белгиланиб, амалга ошириш учун Ҳукуматга юборилди.
Сенаторлар 40 дан зиёд йўналиш ва масалалар юзасидан бевосита ўзлари сайланган ҳудудларда фаолият олиб бордилар. Йил бошидан бери Сенатга 13,5 мингга яқин, шу жумладан, ижтимоий тармоқлар орқали мингдан зиёд мурожаат келиб тушди. 3 мингдан ортиқ мурожаат алоҳида назоратга олиниб, атрофлича ўрганилди. Қарийб 600 та ариза ва шикоятда баён этилган муаммоли масалалар асосли деб топилиб, ижобий ҳал этилди.
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис юқори палатасининг эътиборини Маҳаллий Кенгашлар фаолиятига кўмаклашишга қаратган эдилар. Шу мақсадда 13 та қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди, 40 дан зиёд фармон ва қарорлар қабул қилиниб, маҳаллий Кенгашларнинг ваколатлари кенгайтирилди.
Илгари депутатлар ҳар 4-5 ойда, асосан ташкилий масалалар юзасидан ўтказиладиган сессияларда расмиятчилик учунгина қатнашган бўлсалар, эндиликда депутатлар ҳудуддаги долзарб муаммоларни кўтариб чиқмоқдалар. Масалан, ҳокимларнинг амалдаги қонунчиликка зид бўлган 50 га яқин қарори бекор қилинган. Мансабдор шахсларга нисбатан интизомий жазо чораларини кўриш бўйича мутасадди идораларга мингга яқин таклиф киритилган, шу жумладан, 32 нафар мансабдор шахсни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш масаласи қўйилган.
Бундан ташқари, яқинда қонунчиликка киритилган ўзгаришларга кўра эндиликда ер ажратиш масаласи ҳам маҳаллий Кенгашлар ваколатига ўтказилди. Бу ҳам ўз навбатида жойлардаги халқ вакилларининг ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги ўрни ва ролини кучайтиради, деб ҳисоблаймиз.
Шу ўринда бир жиҳатга эътибор қаратмоқчи эдим. Сенатнинг маҳаллий Кенгашлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи орган сифатидаги ролини янада кучайтириш мақсадида қонунчликка тегишли ўзгартириш киритилди. Яъни Сенатга маҳаллий Кенгашлар ноқонуний қабул қилган қарорларни бекор қилиш ваколати тақдим этилмоқда.
Маҳаллий Кенгашларнинг ишини янада фаоллаштириш, уларнинг ишчи органини шакллантириш мақсададида яқинда қонунчиликка киритилган қўшимчалар орқали барча даражадаги маҳаллий Кенгашларда котибиятлар ташкил этилди.
Ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида парламентнинг роли алоҳида бўлиши зарурлиги давлатимиз раҳбари томонидан кўп маротаба қайд этилган.
Сенат томонидан Андижон, Сурхондарё, Қашқадарё, Тошкент ва Наманган вилоятларини комплекс ривожлантириш масалалари ўрганилди, ҳудудлардаги сектор раҳбарлари, мутасадди вазирлик ва идоралар фаолияти танқидий-таҳлилий муҳокама қилиниб, зарур чоралар белгилаб берилди.
Ҳудудларнинг ривожланиш рейтинги асосида ривожланишдан ортда қолаётган туман, шаҳарларни (“қизил” ҳудудлар) қолоқликдан чиқариш масалалари бевосита ҳудуд раҳбарлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан бирга муҳокама қилинди, зарур топшириқлар белгилаб берилди.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасининг туман, шаҳарлари, қишлоқ ва овулларини ривожлантириш бўйича ишлар устидан парламент назорати ўрнатилди. Бу борада Сенатда алоҳида янги қўмита, Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси ташкил этилди.
Жамият ҳаётининг долзарб йўналишларида тузилган республика даражасидаги комиссиялар бугун Сенат фаолиятида муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, Сенат кўриб чиқаётган турли масалалар мазкур комиссиялар томонидан экспертизадан ўтказилмоқда.
Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия тузилди.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига қаратилган қарийб 20 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг агентликларидаги ижобий имижини шакллантириш ишларини парламент даражасида мувофиқлаштириш мақсадида Республика кенгаши ташкил этилди.
Биз барча давлат идоралари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулияти, иштирокини таъминлаш ишларини мувофиқлаштириб боряпмиз. Натижада Ўзбекистон 2020 йилда Мерос жамғармасининг “Иқтисодий эркинлик” индексида 52 поғонага, Жаҳон банкининг “Логистика самарадорлиги” индексида 19 поғонага, “Бизнес юритиш” индексида 18 поғонага кўтарилди.
Жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган давлат сиёсатининг самарадорлигини янада ошириш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ташкил этилди.
Миллий кенгашда мамлакатимизда коррупцияни жиловлаш бўйича ишлар ҳолати танқидий муҳокама қилинди. Айниқса, қурилиш, давлат харидлари, олий таълим ва соғлиқни сақлашни коррупциядан холи соҳаларга айлантириш бўйича амалий чоралар кўрилди ва бу борадаги ишларни бошқа соҳаларда ҳам олиб бориш вазифалари белгиланди.
БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳанг равишда 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Олий Мажлис палаталари раҳбарлари бошчилигида алоҳида Парламент комиссияси тузилди.
Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, гендер тенгликни таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини сақлаш, соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш борасида ҳудудларда олиб борилган ишлар ҳолати Сенат Кенгашида муҳокама қилиниб, мутасадди вазирлик, идоралар ва ҳудуд раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.
Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси томонидан мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўринишга йўл қўймаслик юзасидан қатъий жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш ва тарғибот ишлари ташкил қилинди.
Бунда меҳнат соҳасига оид халқаро конвенциялар доирасида халқаро мажбуриятларни, шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан пахта йиғим-терим кампаниясини мониторинг қилиш ва у асосида ишлаб чиқилган тавсиялар бажарилганини алоҳида қайд этиб ўтиш лозим. Ушбу амалга оширилган чоралар натижасида бугунги кунда Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати буткул тугатилди.
Бу йил парламент учун ёшлар билан ишлашга асос солинган йил бўлди. Парламентаризм ривожида жамиятнинг ижтимоий фаол қатламлари, хусусан, ёшлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида Олий Мажлиснинг ҳар иккала палатаси ҳузурида Ёшлар парламентлари тузилди ва улар ҳозир бизнинг ҳақиқий маънодаги ҳамкорларимиз ва кўмакчиларимизга айландилар.
Биз барча фаолиятимизни ОАВ билан ҳамкорлик асосида ташкил этдик. Ялпи мажлисларни онлайн эфирга узатиш доимий асосда амалга оширилмоқда. Айни пайтда Сенат Кенгаши муҳокамалари ҳам тўғридан-тўғри намойиш этилмоқда. Сенаторлар жамият ва давлат ҳаётидаги муҳим воқеа-ҳодисалар ҳамда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган фактларга ўз вақтида муносабат билдирмоқда.
Халқаро парламентлараро фаолиятни ривожлантириш соҳасида Сенатда хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар, халқаро молия тузилмалари ва бизнес вакиллари билан 80 та учрашув ташкил этилди. 2020 йилда Олий Мажлис билан чет мамлакатлар парламентлари ўртасида 43 та парламентлараро гуруҳ тузилди.
Учрашувлар чоғида бўлиб ўтган учрашувларда парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган долзарб масалалар билан бир қаторда, савдо-иқтисодий, инвестиция ва маданий-гуманитар соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, халқаро парламентлараро тузилмалар доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатларга янгидан тайинланаётган элчилари томонидан хорижий мамлакатлар билан икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича “йўл хариталари” парламент назоратига олинди ва 3 нафарининг тақдимотлари эшитилди.
Шу билан бирга, республикамизнинг хорижий давлатлардаги элчиларининг хорижий давлатлар билан иккитомонлама ҳамкорлик бўйича “йўл харита”ларининг ижроси юзасидан Ўзбекистоннинг Европа мамлакатларидаги дипломатик ваколатхоналарининг 11 нафар раҳбари ҳисоботи эшитилди.
Бизга иқтисодий интеграция керак. Олий Мажлис томонидан Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги масаласи кўриб чиқилди ва мамлакатимизнинг ушбу ташкилотда “кузатувчи давлат” мақомида иштирок этиш таклифи маъқулланди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажаришда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, бу масала бўйича мунтазам равишда парламент ва жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш лозим.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари Кенгашларининг февралдаги қўшма қарори билан Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси тузилди. Парламент комиссияси аъзолари иштирокида Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга доир биринчи Ихтиёрий миллий ҳисоботи лойиҳаси ишлаб чиқилиб, мазкур ҳисобот жорий йилда БМТнинг Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаши (ЭКОСОС) бошчилигида ўтказилган олий даражадаги сиёсий форумида тақдим этилди.
Парламент комиссиясининг жорий йилга мўлжалланган Иш режасига асосан ҳудудларда барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг бажарилиши ҳолати ўрганилди. Ўрганишларда асосан озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, овқатланиш рационини яхшилаш ва қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишига кўмаклашиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини сақлаш, шунингдек, соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига эътибор қаратилди.
Ўрганиш якуни юзасидан Парламент комиссияси йиғилишида қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирларининг ахборотлари эшитилиб, Парламент комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида Ўзбекистон Республикаси томонидан илгари сурилган ташаббуслар ўз вақтида амалга оширилишини таъминлашга қаратилган ишлар ташкиллаштирилди. БМТнинг Ўзбекистондаги агентликлари билан ўзаро мулоқот механизми яратилди ва улар билан доимий равишда маслаҳатлашув ва ўзаро ҳамкорлик олиб борилмоқда.
Улар билан биргаликда тегишли халқаро ҳужжат ва резолюцияларнинг мазмун-моҳиятини очиб берувчи Концепция ҳамда Пандемия даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги БМТ халқаро кодекси, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентларнинг ролини ошириш тўғрисида, шунингдек, Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюциялар лойиҳалари ишлаб чиқилди ва БМТга кўриб чиқиш учун тақдим этилди.
ЎзА мухбири Нурилло НАСРИЕВ
ёзиб олди.