Дунё давлатларининг тарихий тараққиёт йўлидан маълумки, мамлакатнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқ.
Шу сабабли, Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Президентимиз таъкидлаганидек, «Янги Ўзбекистонни, албатта, ёшлар билан бирга қурамиз».
Шундай экан, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, давлатимиз ривожига ўз ҳиссасини қўша оладиган, замонавий фикрлайдиган, ёш, иқтидорли, серғайрат, кучли билимли, истиқболли, ўз қатъий позициясига эга, юртда амалга оширилаётган ислоҳотларга бефарқ бўлмаган, юртнинг эртанги муносиб келажаги учун дахлдорликка тайёр, мақсадга интилувчан, ватанпарвар, садоқатли шахслар сифатида тарбиялаш Ўзбекистонни дунёнинг энг ривожланган давлатлари сафидан ўрин олишининг муҳим омили эканини барчамиз яхши англаймиз.
Бугунги давр давлат хизматчилари олдига янгича талаблар қўймоқда. Мамлакатимизни замонавий босқичда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўлида замонавий бошқарув кўникмаларига эга, интеллектуал салоҳиятли, етук, малакали кадрларни етиштириб чиқариш замон талабидир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 5843-сон Фармонида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига малакали ва юқори малакали мутахассисларни, шу жумладан хорижда яшаётган ватандошлар орасидан аниқлаш ва жалб этиш, шунингдек, давлат фуқаролик хизматига иқтидорли ёшлар ва хотин-қизларни кенг жалб этиш бўйича тизимли ишларни олиб бориш, аҳоли, айниқса ёшлар орасида барча даражалардаги давлат фуқаролик хизмати нуфузини ошириш,истиқболли ва иқтидорли шахсларни, айниқса, ёшлар орасидан излаб топиш ва саралаб олиш, ёш кадрлар учун давлат органлари ва ташкилотларидаги тажрибали раҳбарлар ва мутахассислар томонидан устозлик институтини жорий қилиш, бундан ташқари энг истиқболли кадрларни давлат фуқаролик хизматига очиқ мустақил танлов асосида қабул қилишни ташкиллаштириш каби ёш кадрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган вазифалар белгилаб берилди.
Юқоридаги вазифаларни амалга ошириш мақсадида жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали томонидан вилоятдаги бир қатор олий таълим муассасаларида, хусусан, Самарқанд давлат университети, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалида «Замонавий кадрлар тайёрлаш, иқтидорли ёшларни тизимли қўллаб-қувватлаш, битирувчиларни ўз мутахассисликлари бўйича бандлигини таъминлаш истиқболлари» мавзусида талаба ёшлар билан очиқ мулоқотлар ташкил этилди.
Ушбу очиқ мулоқотларда Агентлик ҳудудий филиали раҳбар ва ходимлари, манфаатдор бошқарма ва идораларнинг раҳбарлари, олий таълим муассасалари раҳбарияти, профессорлар, талаба ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Учрашувлар давомида Агентлик ҳудудий филиали ва олий таълим муассасалари ўртасида «Ҳамкорлик тўғрисидаги чора-тадбирлар дастур»лари имзоланди. Ҳужжатда янги авлод кадрларини мақсадли тайёрлашда Агентлик салоҳиятидан кенг фойдаланиш, замонавий таълим дастурлари яратишда методик ёрдам кўрсатиш, тизимда амалий дарслар ва стажировкалар ўтказишга келишиб олинди.
Очиқ руҳда ўтган мулоқотлар давомида давлатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга мувофиқ кадрлар тайёрлашнинг мазмунини тубдан қайта кўриб чиқиш, олий таълим муассасаларида кадрлар селекциясини тизимли йўлга қўйиш, халқаро стандартларга мос олий маълумотли мутахассислар тайёрлашга зарур шарт-шароитлар яратишга оид ишлар танқидий кўриб чиқилди.
Шу ўринда, учрашувларда 2020-2021 ўқув йили битирувчи талабаларини иш билан таъминланиш масаласига ҳозирдан алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги ва бу борада Dilobar Asliddin qizi манфаатдор бошқарма ва идоралар билан узвийликни кучайтириш мақсадида тегишли йўналишдаги бошқарма ва идора раҳбарлари ҳам жалб этилгани бежиз эмаслиги қайд этилди.
Шунингдек, тадбирлар давомида агентлик филиали томонидан давлат фуқаролик хизматида “KPI” энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш тизими, “HR metrica”, меритократия тамойилини амалиётга жорий этиш, бу борада агентлик томонидан «Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали» https://vacancy.argos.uz/нинг ишга туширилгани ва ушбу портал орқали айни вақтда вилоятдаги давлат ташкилотлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларидаги вакант лавозимларга танлов эълон қилингани ҳақида таъкидлаб ўтилди.
Ушбу учрашувлар доирасида битирувчи курс талабаларидан олий таълим муассасаларида олган билимлари ва таълим сифатидан қониқиш даражаси ҳамда келажакда қайси соҳада ишлашни исташлари ва бунга эришишда мавжуд тўсиқлар ҳамда бошқалар юзасидан аноним сўровнома ўтказилди. Сўровнома таҳлил натижаларига асосан битирувчи талаба ёшларнинг муаммолари батафсил ўрганилди ҳамда уларнинг ечими бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.
Очиқ мулоқотлар якунида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали ва олий таълим муассасалари ўртасида имзоланган икки томонлама ҳамкорлик чора-тадбирлари доирасида ишларни кучайтириш, жумладан 2021 йил январь ойидан бошлаб олийгоҳлар битирувчи курс талабаларига Агентликнинг ҳудудий филиали мутахассислари томонидан давлат фуқаролик хизмати соҳасида амалий дарслар ташкил этишга ҳамда янги ташкил этилган йўналиш Инсон ресурсларини бошқариш йўналиши талабаларининг амалиёт ўташ масалалари келишиб олинди.
Ушбу келишувларга асосан Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамда Самарқанд давлат университети ва Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтлари ўртасида аллақачон ҳамкорликдаги амалий ишлар йўлга қўйилди. Хусусан, олийгоҳларнинг Инсон ресурсларини бошқариш йўналишида таҳсил олаётган бакалавр ва магистратура босқичлари талабаларига Агентлик филиали мутахассислари томонидан амалий дарслар ташкил этилмоқда. Ушбу амалий дарслар давомида талабаларга биринчи навбатда Агентликнинг мақсад ва вазифалари, фаолиятининг мазмун-моҳияти, қолаверса, бугунги кунда Агентлик томонидан кадрлар сиёсати соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлари батафсил тушунтириб ўтилмоқда. Шунингдек, талабаларга ходимларни танлаш, саралаш, баҳолаш, уларни оқилона бошқариш, рағбатлантириш каби инсон ресурсларини бошқариш йўналишига оид бўлган мавзуларда ўқув-семинарлар ташкил этиб келинмоқда.
Келгусида Агентлик ҳудудий филиали ҳамда олий таълим муассасалари ўртасидаги келишувга асосан талабаларнинг ўзлари танлаган давлат органлари ва ташкилотларидаги малакали кадрлар хизмати раҳбарларига стажировка даврида бириктирилиши, улар билан устоз-шогирд анъанасига мувофиқ ишларни ташкил этиш ҳамда амалиёт якунида яхши натижаларга эришган талабаларни иш билан таъминлаш йўлга қўйилади.
Р.Умарова , Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат хизматини ривожлантириш
агентлиги Самарқанд вилояти филиали
бош инспектори