“Ватанпарварлик ойлиги” доирасида Шимоли-ғарбий ҳарбий округнинг “Ватанпарварлик карвон”лари Қорақалпоғистон Республикасининг энг чекка ҳудудларида ҳам бўлиб, “Ким Ватанга содиқ бўлса, мендурман ўша!” шиори остида тадбирларни ташкил этиб келмоқда.
Нукус гарнизонидаги “Ватанпарварлик карвон”нинг бу сафарги “нишони” Қўнғирот туманидаги умумтаълим мактаблари бўлди.
Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказининг ҳарбий оркестри жамоаси томонидан тайёрланган концерт дастури йиғилганлар қалбини илиқлик билан тўлдирган бўлса, ҳарбий хизматчилар ва ўқувчи-ёшлар томонидан намойиш этилган қўл жанги ва саф элементлари барчани ҳайратлантирди.
Ёшларни чақирувга қадар тайёрлаш сифатини яхшилаш ҳамда ўқув-моддий базасини такомиллаштириш учун ҳарбий округ томонидан тақдим этилган ўқув қуроллари эндиликда йўналиш бўйича таълим сифатини яхшилашга хизмат қилади.
Тадбирлар давомида намойиш этилган қурол-аслаҳалар кўргазмаси ёшларда ўзгача таассурот қолдирди.
Ўғил болалар ўртасида ўтказилган пневматик милтиқдан ўқ отиш мусобақаси эса уларда етакчилик қобилиятини шакллантиришга кўмаклашди.
Шимоли-ғарбий ҳарбий
округ матбуот хизмати.