Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида жойлашган Отажон Худойшукуров номидаги маданият саройи аҳолининг севимли масканларидан.
Бу ерда турли ёшдаги кишилар маданий ҳордиқ олиши, бўш вақтини самарали ташкил этиши учун барча шароит яратилган.
Туман ҳокимлиги ёрдами билан 2019 йил мазкур маданият саройи биносида қиймати 6 миллиард сўмлик капитал таъмирлаш ишлари бажарилди. Ҳозирда бу ерда миллий ҳунармандчилик, мусиқа ва санъат йўналишида 20 дан ортиқ тўгарак ишлаб турибди. Сарой қошида “Феруз”, “Тарона” ашула ва рақс ансамбллари фаолияти йўлга қўйилган. Шунингдек, бу ерда Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Туркманистон ва Татаристон халқ артисти Отажон Худойшукуров номидаги музей ташкил этилган.
– Отажон Худойшукуров (1944-1994 йилларда яшаб ўтган) ўз ижоди билан халқ ичида танилган бетакрор санъаткор, – дейди музей раҳбари Йўлдош Абдураимов. – Санъаткорнинг номи нафақат мамлакатимизда, балки Марказий Осиёда ҳам жуда машҳурдир. Музей экспозиция залидан Отажон Худойшукуров ҳаёт йўли ва ижодига тааллуқли кўплаб экспонатлар ўрин олган.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА