Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида имзоланган қатор ҳужжатларга асосан пойтахтимизда Болалар миллий тиббиёт маркази ташкил этилиб, жорий йилнинг 19 октябрь куни иш бошлаганди.
Бугун эса мазкур марказ қошида икки давлат ўртасидаги катта ва муҳим лойиҳалардан бири – «KOICA симуляция инновацион ўқув маркази» ташкил этилди.
Ўқув маркази очилишига бағишлаб ўтказилган тадбирда соғлиқни сақлаш соҳаси мутасаддилари, кореялик ва мамлакатимиз тиббиёт ходимлари, журналистлар иштирок этди.
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова ва кореялик ҳамкорлар томонидан Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган ушбу Болалар миллий тиббиёт маркази мамлакатларимиз ўртасида тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликнинг ёрқин намунаси сифатида эътироф этилди.
Марказ қошида “KOICA симуляция инновацион ўқув маркази”ни ташкил қилишдан асосий мақсад Ўзбекистонда педиатрия соҳаси бўйича сифатли таълимга эришиш, соҳада малакали мутахассисларни тайёрлаш, ўқув марказида тиббиёт ходимларини ўқитиш орқали илғор жарроҳлик кўникмаларини орттириш, мамлакатимизда болалар ўлими ва касалланиш даражасини пасайтириш ҳамда тиббий хизмат сифатини ошириш эканлиги таъкидланди.
“KOICA симуляция инновацион ўқув маркази” педиатрия соҳасидаги кореялик малакали тиббиёт ходимлари жалб қилинган ҳолда Болалар миллий тиббиёт маркази шифокор ва ҳамширалари малакасини оширишга кўмаклашади. Ўқув марказида 1та конференция зали, 3 та лаборатория мавжуд бўлиб, марказ ходимлари турли жарроҳлик амалиётларини муляжларда синаб кўриш орқали малака оширади.
– Мазкур ўқув маркази Сеул миллий университети болалар шифохонаси билан ҳамкорликда ишлайди, – дейди “KOICA симуляция инновацион ўқув маркази” директори, профессор Sei Won Yang жаноблари. –2 ноябрда мазкур шифохонадан 2 нафар ҳамшира билан бирга келдик. Улар билим ва кўникмаларини марказ ходимларига ўргатишади. Шу кунгача марказ ҳамширалари учун 4 та тренинг ўтказилди.
Болалар миллий тиббиёт маркази ҳамда Сеул миллий университети болалар шифохонаси ўртасида имзоланган шартномага кўра, 2022 йилнинг февраль ойига қадар кореялик тиббиёт ходимлари марказ ҳамшираларининг билим ва кўникмаларини оширишга ёрдам беради.
Шунингдек лойиҳа доирасида Болалар миллий тиббиёт марказининг 26 нафар шифокори, 22 нафар ҳамшираси ва техник ходимларини Кореянинг Сеул миллий университети болалар шифохонасида малака ошириш учун жўнатиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, “KOICA симуляция инновацион ўқув маркази” бош ўқув режаси тузилган бўлиб, унга кўра шифокорлар, ҳамширалар ва тиббиёт техниклари учун симуляция тарзида янги замонавий инновацион усулда жарроҳлик амалиётларини ўтказиш бўйича маҳорат дарсларини ўтказиш режалаштирилган.
Тадбир сўнггида иштирокчилар ўқув маркази фаолияти билан бевосита танишиб, ўқув хоналарини кўздан кечирди, дарс жараёнларини кузатди.
Моҳигул Қосимова, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА