Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 декабрдаги “Ахборот-кутубхона аълочиси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори билан “Ахборот-кутубхона аълочиси” кўкрак нишони тўғрисидаги низом, кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси тавсифлари тасдиқланди.
Мазкур кўкрак нишони билан ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантириш, аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатишнинг янги тизимини яратиш, кутубхоналарда сақланаётган миллий маданий меросни асраб-авайлаш ва бойитиш ишларига муносиб ҳисса қўшган, жамиятда мутолаа маданияти, китобхонликни кенг тарғиб қилиш ва ёш мутахассис кадрларни тайёрлаш борасида самарали меҳнат қилган ва мазкур йўналишда юқори натижаларга эришган фуқаролар тақдирланади.
Кўкрак нишони билан мукофотланган шахслар меҳнатга ҳақ тўлаш базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофотини олади.
“Ахборот-кутубхона аълочиси” кўкрак нишони диаметри 34 миллиметрли доира шаклда бўлиб, мис қотишмасидан тайёрланади.
Кўкрак нишонининг гувоҳномаси 160х110 миллиметр ўлчамдаги китобча шаклида бўлиб, 240 г/кв.м. қалинликдаги офсет қоғоздан тайёрланади. Гувоҳноманинг ташқи томони (биринчи ва тўртинчи бетлари) кўк рангда бўлиб, плёнка билан қопланган.