Буюк Ипак йўлида жойлашган, Шарқ ва Ғарбни мустаҳкам боғлаган қадим ва бетакрор юртимиз азалдан таниқли илм-фан намояндалари билан довруғ қозонган. Замонамизгача етиб келган тарихий ёдгорликлар ва ёзма манбалар диёримизда асрлар давомида илм-фан, маданият гуллаб-яшнаганидан дарак беради.

Бугунги кунда мамлакатимиз ҳудудидаги минглаб маданий мерос дурдоналари, археологик объектлар ва қазилмалар мавжудлиги бунинг тасдиғидир. Зиммамиздаги вазифа эса уларни келажак авлодга бешикаст етказишдан иборат. Бунинг учун ёшлар орасида миллий ўзлик, маданий меросимизга бўлган ижобий ёндашувни кучайтириш талаб этилади.

Жорий йил 14-19-декабрь кунлари Тошкент шаҳрида маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтган эди. Шу муносабат билан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Маънавият ва маърифат маркази томонидан “Миллий маданий меросимиз” мавзусида талаба-ёшлар ўртасида видеороликлар танлови ўтказилди.

Мусобақада 150 га яқин видеоролик келиб тушиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирилди. Овоз бериш натижаларига кўра, энг кўп овозга эга бўлган 20 та видеоролик ҳакамлар ҳайъатига тақдим қилинди. Видеороликнинг маъно-мазмуни, креатив ёндашилганлиги ва иштирокчининг ижодий маҳорати каби мезонлар асосида баҳоланган танловда Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг “Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар” факультети “Зиёрат туризми” йўналиши 2-босқич талабаси Муҳаммадамин Маманов “Ўзбекистон маданий мероси ёшлар нигоҳида” номли видеоролиги билан ғолибликни қўлга киритди.

– Юртимиз тарихи ниҳоятда бой, – дейди М.Маманов. – Бу ўлкадан кўплаб алломалар, илм фузалолари етишиб чиққан. Улар қолдирган нодир қўлёзма, китоб, мукаммал ва гўзал архитектура обидалари бизнинг маданий меросимиз ҳисобланади. Бу каби ёдгорликларимизни дунёга танитиш бизнинг асосий мақсадимиздир. Зеро, юртимизда туризмни ривожлантиришда ёшларнинг аҳамияти ва ўрни беқиёс ҳисобланади. Шу боис иштирок этиб, видеоролик орқали тенгдошларимда юртимизнинг тарихий қадамжолари билан фахрланиш туйғусини уйғотишни мақсад қилиб қўйгандим. Келгусида “Ўзбекистон маданий мероси дунё нигоҳида” мавзусида видеоролик тайёрлаш ниятим бор.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси  

Матбуот хизмати