Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Москвага амалий ташрифи доирасида Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон – Россия кўп қиррали ҳамкорлигининг устувор йўналишлари, халқаро ва минтақавий муаммолар бўйича фикр алмашилди.
Бўлиб ўтажак олий ва юқори даражадаги учрашувларнинг амалий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикасининг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидаги раислиги натижалари ҳамда Ўзбекистонга Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳузурида кузатувчи мақоми берилиши истиқболи муҳокама қилинди. Бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик масалалари ҳам келишиб олинди.