Президент Шавкат Мирзиёев бугун пойтахтимизнинг Янгиҳаёт туманида барпо этилган Тошкент металлургия заводининг очилиш маросимида иштирок этади.

Ушбу улкан мажмуа Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим аҳамиятга эга бўлади. Чунки мамлакатимизда қора металлургия саноати ривожланмаган.

Янги корхонада йилига 500 минг тонна рух ва полимер қопламали металл листлар ишлаб чиқарилади. Илгари бундай маҳсулотлар асосан четдан олиб келинарди.

Бу заводда импорт ўрнини босувчи товарлар ишлаб чиқарилиб, иқтисодиётимизда маҳаллийлаштириш даражаси сезиларли ошади. Шунингдек, йилига 90 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиниши режалаштирилган. Мажмуада 700 га яқин киши иш билан таъминланади. Лекин турдош тармоқлар билан бирга 5 мингта янги иш ўрни яратилади.

Мазкур заводни барпо этиш 2017 йил февралда бошланган эди. Қурилиш ишларига 420 миллион доллар сарфланган.

Президентимизнинг мажмуа очилиш маросимида иштирок этиши, ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишиши кўзда тутилган.