Нукусда Президентимизнинг жорий йил 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳиятига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ажиниёз Мнажов ва бошқа мутахассислар таъкидлаганидек, мазкур фармон давлат корхоналарини бошқариш, трансформация қилиш, давлат активларини сотишдан олдин тайёрлаш, хусусийлаштириш ва унинг тартибларини белгилайди.
Фармоннинг 4-иловаси билан Қорақалпоғистон Республикасидаги 12 та давлат иштирокидаги корхонада давлат улушларини хусусийлаштириш белгиланган. Жумладан, 9 та ана шундай корхонанинг давлат акция пакетлари ва улушлари оммавий савдолар орқали сотилади, 3 та акциядорлик жамиятининг давлат акция пакетлари ушбу жамиятлардаги давлат улуши бор таъсисчилар устав фондига номинал қийматда ўтказилади. Фармон ижросини таъминлаш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашига берилган ваколатлар доирасида 50 та давлат кўчмас мулки объектининг оммавий савдоларга чиқарилиши таъминланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Бош вазир қабулхоналари ҳузурида Давлат активларини бошқариш агентлиги (Агентлик) томонидан корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникалари ташкил этиш белгиланган эди.
Ушбу топшириқнинг ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалроғистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг янги биносида Корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникаси ташкил этилди. Клиника агентлик томонидан мувофиқлаштирилган ҳолда Давлат хизматлари маркази, Савдо-саноат палатаси, Омбудсман ва бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда фаолият кўрсатмоқда.
Тадбиркорлар ва корхоналарнинг муаммосидан келиб чиққан ҳолда клиника фаолиятига давлат активларини бошқариш агентлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, давлат солиқ қўмитаси, давлат божхона қўмитаси, тижорат банклари, бошқа мутассадди ташкилотлар масъул ходимлари “ягона дарча” тамойили асосида жалб қилинган.
Клиниканинг асосий вазифалари, хусусийлаштирилаётган объектлар тўғрисида маълумот, хусусийлаштириш тартиби, савдолар тури, савдоларни ўтказиш ва уларда қатнашиш тартиби, имтиёз ва преференцияларни тушунтириб беришдан иборат. Шунингдек, корхоналарнинг давлат органлари билан боғлиқ муаммоларини бартараф этиш бўйича амалий кўрсатма бериш, бизнесни юритиш ва корпоратив бошқарувни йўлга қўйишда амалий ёрдам, юридик ва молиявий-иқтисодий маслаҳатлар бериш бўлиб ҳисобланади.
Клиникага бугунги кунда юридик ва жисмоний шахслардан бўш бино ва ижара, хусусийлаштириш, корпоратив ва мулк, ер ва аукцион, кредит масалаларида жами 66 та мурожаат келиб тушган. Шундан 53 таси ҳал этилган бўлса, 13 таси кўриб чиқилмоқда. Кўриб чиқилган мурожаатлардан 39 тасига тушунтириш берилган,
Брифингда оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА